Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинган эди. Бугунги кунда мазкур Фармон ижроси юзасидан Республика миқёсида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.

      Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “Мурувват куни”сифатида белгиланиб, ушбу кун доирасида ҳаракат-таянч аъзоларида нуқсони бор, нутқ, эшитиш ва кўриш имконияти чекланганинсонларбилан учрашувлар ташкил этиб келинмоқда. Улар билан ўтказилган мулоқотлар давомида сўнгги йилларда эшитиш ва сўзлашишда нуқсони бор фуқаролар орасида миссионерлик ҳолатлари кузатилаётгани, мазкур шахслар ислом динининг соф таълимотлари билан танишишга катта эҳтиёж сезаётгани маълум бўлмоқда.

      Имконияти чекланган инсонлар орасида кузатилаётган миссионерлик каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш, уларга маърифий ислом таълимоти ҳақида тўғри маълумот бериш ҳамда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва эзгу ташаббусларни етказиш мақсадида, куникеча Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида диний-маърифий тадбир ўтказилди.

     Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ички ишлар вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, “ВАҚФ” хайрия жамоат фонди билан ҳамкорликда ўтказилган мазкур тадбирда 300 дан зиёд имконияти чекланган инсонлар жалб этилди.

         Тадбирда сўзга чиққанлар меҳрга, эътиборга муҳтож фуқароларга ҳукумат томонидан берилаётган эътибор, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар, яратилаётган шарт-шароитлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтдилар. Жумладан, тадбирда сўзга чиққан Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ўз нутқида:

– Хабарингиз бор, Дин ишлари бўйича қўмита томонидан ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “Мурувват куни” деб эълон қилиниб, мазкур ташаббус доирасида бугунга қадар бир қатор диний-маърифий тадбирлар ўтказилди. Биз, ҳар ойнинг биринчи якшанбасини интиқлик билан кутамиз. Нега, биласизми? Чунки бу инсонларнинг қалби тоза, меҳри самимий. Улар гапира олишмаса-да, эшита олишмаса-да, нигоҳлари меҳрга тўла. Бу меҳр ҳар қандай тош қалбни ҳам эритади. Шундай экан, бугун биз уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашимиз керак. Миссионерлик тузоғига илиниб қолишларига йўл қўймаслигимиз лозим. Шу ўринда, Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Аросат” кинофильмининг Сурдо таржимаси тайёрланаётгани ҳамда эшитиш кўриш имконияти чекланганлар учун ҳам турли мавзуларда видео-аудио материаллар тайёрланаётганини айтиб ўтмоқчимиз.

        Тадбирда сўзга чиққан Ички ишлар вазирлиги Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш Бош бошқармаси ходими ўз нутқида бугунги кунда миссионерлар аҳолининг турли қатламлари, хусусан, эътиборга, меҳрга муҳтож инсонлар орасида ҳам ўз фаолиятларини олиб боришга уринаётгани, айрим инсонлар уларнинг тузоғига илиниб, улар томонга оғиб кетаётгани маълум қилинди. Шунингдек, миссионерлик сабаб жамиятда турли ижтимоий муаммолар келиб чиқаётгани, айрим оилаларда эр билан аёл, ота билан фарзанд ўртасидаги тортишувлар фарзанднинг ўз отасига қўл кўтариши билан якун топаётгани афсус билан тилга олинди.

          Шунингдек, тадбирда “ВАҚФ” хайрия жамоат фонди меҳрга муҳтож бу каби инсонларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, муаммоларини ҳал қилишда кўмаклашишга ҳар доим тайёр экани айтилди. Жумладан, фонд томонидан ўзбек ва рус тилларида  чоп эттирилган диний-маърифий мазмундаги китоблардан етказиб берилиши маълум қилинди.

          Бир сўз билан айтганда, имконияти чекланган, меҳрга, эътиборга муҳтож инсонлар учун ташкил этилган мазкур тадбир иштирокчиларда олам-олам таассурот қолдирди. Улардан бир нечтаси миссионерларнинг асл мақсадидан хабардор бўлгач, танлаган йўллари на Юрт учун, на оиласи учун фойдали эканини, аксинча турли низоларга, келишмовчиликларга сабаб бўлишини англаб етишди. Айниқса, Самарқанд, Жиззах ва Қирғизистон Республикасидан ташриф буюрган эшитиш ва гапириш қобилияти чекланган меҳмонлар ўз хурсандчиликларини яшира олишмади, мутасаддиларга ташаккур айтиб, улар яшаб турган ҳудудларда ҳам ана шу каби маърифий учрашувлар ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлишини айтишди.

        Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бундай маданий-маърифий тадбирлар салмоғи янада кенгайиб, эндиликда, Тошкент вилоятининг барча туман ва шаҳарларида тизимли равишда ўтказилиши белгилаб олинди.

 

ДИҚ Матбуот хизмати