2019 йил 13 январь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва mehrob.uz интернет портали томонидан пойтахтимиздаги “Саломон” тўйхонасида “Мурувват куни” хайрия тадбири ташкил этилди.
   Унда 300 нафар кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган шахслар иштирок этди. Тадбирда  Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон кар-соқовлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ходимлари иштирок этишди.
     Тадбирнинг асосий мақсади бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборат экани айтилди. 
    Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилаётгани, буни Ўзбекистон Президенти томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзолангани мисолида ҳам кўриш мумкинлиги таъкидланди. 
    Ушбу фармонда авваллари ногиронларни камситиш сифатида ишлатилган “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши белгилангани юртимизда инсон омилига бўлган юксак эътиборнинг натижаси экани қайд этилди.
       Йиғилганларга хомийлар томонидан турли ҳадялар жумладан, 10 та аравачалар, эсдалик совгалари такдим қилинди. Бу каби тадбирлар Республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам ўтказилиши таъкидланди. 
      Тадбирда  иштирок этган Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ўз сўзида, имконияти чекланган юртдошларимизнинг талаб ва истакларига мувофиқ диний адабиётларни брайл ёзувида нашр қилиш, аудио-дисклар чиқариш, маърифий суҳбатлар сонини янада кўпайтириш, жума маърузаларини  уларга тушунарли бўлиши учун сурдо таржимонлар ёрдамида ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилаётгани ҳақида гапириб ўтди.
     Эсингизда бўлса, 23 ноябрь кунидан эътиборан илк маротаба Шайх Зайниддин жоме масжидида жума маърузалари сурдо таржимон ёрдамида онлайн режимида ташкиллаштирилган эди.
      Эслатиб ўтамиз, шу йил 28 октябрь куни Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан жисмоний имконияти чекланган фуқаролар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “Мурувват куни” сифатида белгиланган эди, бу каби тадбирлар 2019 йилда ҳам давом этиши маълум қилинди. Мазкур тадбир лойиҳанинг жорий йилдаги дастлабкиси сифатида бўлиб ўтди. 
                                                                           

                                                                                                                                                                                                                                               ДИҚ Матбуот хизмати