Жорий йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон делегацияси Миср Араб Республикасига жўнаб кетди. Сафар доирасида Мисрнинг ал-Азҳар мажмуаси билан диний кадрлар тайёрлаш, уларнинг касб-маҳоратини ошириш, халқаро конференциялар ва семинарлар ўтказишга оид диний-маърифий соҳадаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади.
     Шунингдек, ал-Азҳар мажмуаси ҳамда Ўзбекистондаги диний соҳага оид марказлар ўртасида ҳамкорлик қилиш тўғрисидаги “Йўл харитаси”ни имзолаш, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб ва ал-Азҳар университети ректори билан учрашувлар ўтказиш режалаштирилган.

      Ўзбекистон делегацияси ал-Азҳар университети ва бошқа илмий муассасаларда кенг жамоатчилик иштирокида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида такдимотлар ўтказиши мўлжалланган.
       Маълумки, Миср юрти Қуръони каримда айнан шу ном билан бир неча марта зикр этилган. Бу эса унинг баракоти, хайри кўплигига далилдир. Бу замин юзлаб саҳоба ва тобиъийлар ҳокини бағрида яширган. Буюк алломалар бу ерда таълим олган, китоблар таълиф этишган.

       Миср билан Ўзбекистонни боғлаб турувчи алоқалар жуда қадим тарихга бориб тақалади. Аллома Аҳмад ал-Фарғонийнинг Мисрдаги илмий фаолияти, Ихшидийлар сулоласидан тортиб, Қоҳирадаги ўзбакийя маҳалласигача юртларимиз ўртасидаги минг йиллик алоқалардан сўзлайди. 

ДИҚ Матбуот хизмати