2018 йил 10 декабрь куни Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Ислом тафаккури” журналининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳим Иномов, Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти ректори Уйғун Ғофуров, Ҳадис илми мактаби ректори Олим Юсупов, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси профессор-ўқитувчилари, телевидение ва матбуот ходимлари иштирок этишди.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелда “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони мамлакатимизда йил давомида бирин-кетин содир бўлган муҳим ҳодисалар ривожини бошлаб берди. 
   Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2018 йил 22 июнда қабул қилинган 466-сонли қарорида Ўзбекистон халқаро ислом акдемиясининг муҳим вазифалардан бири исломий маърифат ғояларини тарғиб этиш, деб таъкидлангани “Ислом тафаккури” диний-маърифий, илмий-оммабоп журналининг нашр этилишига сабаб бўлди.
   Диний-маърифий, илмий-оммабоп журнал сифатида илк сони тақдим этилган ушбу нашр Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси муассисилигида нашр этилади.
    “Ислом тафаккури” журнали муқаддас динимиз исломнинг асл моҳиятини англатиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, диёримиз уламолари ва илоҳиётчи олимлар томонидан олиб борилаётган тадқиқотларни ёритиш йўлида майдонга чиққан қутлуғ нашрдир. 
Журналнинг илк сонида чоп этилган материаллар, қутлов сўзлари, замонамизнинг забардаст олимлари, дин уламолари томонидан ёзилган теран мақолалар, тадқиқотлардан намуналар ўқувчини бефарқ қолдирмайди.
       “Ислом тафаккури” журнали диний-маърифий, илмий-оммабоп нашр ҳисобланиб, йил мобайнида тўрт марта ўзбек, рус, инглиз ва араб тилида, А 4 форматда, 96 бет ҳажмда, тўлиқ рангли шаклда чоп этилади. Журналининг бош муҳаррири Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг ректори, профессор Шуҳрат Ёвқочевдир.
        Журналга республика ҳудида жойлашган “Ўзбекистон почтаси” ва “Матбуот тарқатувчи” акционерлик компанияси филиаллари ҳамда бўлимлари орқали 2019 йил учун обунани расмийлаштириш мумкин.

ДИҚ Матбуот хизмати