Оилаларимиз чироғи ва чароғбони бўлган аёллар зотига эҳтиром кўрсатиш, уларни эъзозлаш миллий қадриятларимизнинг ажралмас қисмидир.

         Муқаддас динимиз ҳам нозик хилқат эгаларининг хақ-ҳуқуқларини тўла-тўкис таъминлаб берди.

         Исломдан аввал аёл киши инсон ўрнида кўрилмас, айрим араб қабилаларида қиз туғилган чақалоқлар тириклайин кўмилар эди. Мана шу иллатнинг ўзи ҳам жоҳилият даврида аёлга бўлган муносабатнинг яққол тасдиғидир. 

         Ислом дини аёлларнинг ҳуқуқларини тўлиқ кафолатлади. Уларни эркаклардек жамиятнинг тўлақонли аъзоси эканини амалда кўрсатиб берди.

         Қуръони Каримдаги суралардан бирининг номи “Нисо”, яъни “Аёллар”деб аталиши бежиз эмас, албатта.

         Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассалам аёл номини улуғлаш, унинг шаънини кўтариш, ҳақ-ҳуқуқларини белгилаб беришда фақат ислом уматига эмас, бутун инсониятга ибрат ва намуна бўлдилар. 

      Динимизда аёл она, опа, сингил, қиз сифатида улуғланади. Ислом- менинг диним, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом-менинг Пайғамбаримс, деган киши борки, аёлни эъзозлаши шарт.

         Афсуски, сўнгги пайтларда аёлларни хўрлаш, камситиш ҳолатлари кузатилаяпти. Арзимас баҳоналар билан жанжал чиқариб, турмуш ўртоғини дўппослаётган эркаклар сафи кенгайиб бормоқда. Бундай ҳолатларни бартараф этиш мақсадида республикамиз миқёсида 25-ноябрдан-10 декабригача “Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка қарши 16 кун” номи остида тадбирлар ўтказилаётгани давлатимизнинг аёлларга кўрсатаётган ғамхўрлигининг амалдаги ифодасидир.

         Таҳлилларга кўра, айни пайтда дунё миқёсида 33-50 фоиз аёллар эрларининг калтаклаши, дўппослашидан азият чекаётган экан. Бу эса, ўз навбатида, нозик жинс вакилларини маиший жиноятлардан ҳимоя қилиш давр талаби эканлигини кўрсатади.

         Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хотин-қизлар масалалари бўйича бўлимига эри томонидан хақоратланган, камситилинган аёллар келиб туришади. Улар билан суҳбатлашиб; “Зулмга учраб, бу ҳақда нима учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилмайсизлар?”, деб сўралганда, опа-сингилларимиз маҳалла-куй олдида истиҳола қилишини, оиласи, эри ва бола чақаси обрўсини ўйлашини айтишади.

         Аёлларимиз-ориятли, улар оиласини шаънини ҳамма нарсадан устун қўйишади. Лекин буни суистеъмол қилаётган эркакларимиз андишанинг отини қўрқоқ қўйишмоқда. 

         Оилада зўравонлик ва камситишларга учраётган аёларнинг асосий қисми ҳаётида моддий ва маиший қийинчиликлар мавжудлиги, турмуш ўртоғининг ичкиликка ружу қўйгани, рўзғор ташвиши, бола тарбияси мисолида масъулиятсиз эканини айтиб ўтишади.

         Шу ўринда бир мулоҳаза. Ҳурматли эркаклар, уруш даврини бир кўз олдингизга келтиринг. Ўша пайтлар момоларимиз, боболаримиз қанча машаққату-қийинчиликларга бардош беришган. Наҳотки, бугунги тинчлик, тўкинчилик даврида тўқликка шўхлик қилиб, аёлларни хақоратласак. Ахир, хотин-қизлар наслимиз давомчилари-ку!

         Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Ким-у ҳоҳ эркак бўлсин, ҳоҳ аёл-мўминлик ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича ҳам зулм қилинмагай”(Нисо сураси, 124-оят)да марҳамат қилинади.

         Ҳадиси шарифда эса: “Мўминларнинг энг имони мукаммали гўзал хулқлисидир. Сизларнинг энг яхшингиз аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир”(Имом Термизий ривояти).“Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз. Зеро, сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз” (Имом муслим ривояти), дейилади.

         Хулоса қилиб айтганда, биз ўзлигимиздан, маънавиятимиздан, миллий қадриятларимиздан қанчалик узоқлашиб бораверсак, бошимизга шунча кулфатлар ёғилаверади. Шу маънода наслимиз давомчиларини таҳқирласак, ўзимизга, келажагимизга зулм қилган, ўзимиз ўтирган дарахт шохини ўзимиз кесган бўламиз.

         Шундай экан, аёл зотини тахқирлаш эмас, унга эҳтиром кўрсатиш олий мақсадимиз бўлиши керак. Зеро, мунис оналаримиз, муҳтарама опа-сингилларимиз, вафодор жуфтимиз ҳаётимизнинг кўрки, умримизнинг мазмунидир.

 

Мунира Абубакирова,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ИСЛОМДА АЁЛЛАРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ

 

      Исломдан аввалги жоҳилият даврида арабларнинг кўплаб ноинсоний, ваҳший урф-одатлари бор эди, уларда аёл-қизларни таҳқирлаш хаддан зиёд эди.  Ҳаттоки, “катта бўлса урушларда қатнаша олмайди, асирга тушиб бизни шарманда қилади”, дея тириклай кўмиб юборилар эдилар.  

   Аллоҳ таоло ер юзига Ислом нурини юбора бошлаган вақтда бутун дунё жоҳилият ботқоғига ботган, чор атрофда жоҳиллик, адолатсизлик, зулм ва жабр-ситам хукм сурар эди. Аёлларга тегишли масалаларда бу салбий ишлар авж олиб, энг чўқига чиққан эди, Аёл киши барча инсоний ҳуқуқлардан маҳрум қилинган, ҳатто аёлни одам ўрнида кўрмайдиган тоифалар бор эди. 

     Ғарбда насаролар оламида алоҳида илмий йиғилиш ўтказилиб, “Аёл эркакни йўлдан уриш учун яратилинган шайтондир, унга кўзи тушган одам ҳам гуноҳкор бўлади, аёл ҳавони булғамаслиги учун тўсиқ тутиб туриш керак” деган қарорлар қабул қилганлар. 

   Шарқий ўлка, яъни Ҳиндистонда ўлган эркакнинг насибаси ўзи билан кетиши учун тирик хотини ҳам унга қўшиб ёндирилган. 

       Арабистонда аёлга дунёнинг матоҳи сифатида қараларди, у эркак кишига матоҳ эди, гўё. Аёл киши эркак кишининг шаҳвати учун керак эди, аёл кишини мол-мулкга қўшиб, мерос қилиб олиш оддий ҳол эди. 

    Аллоҳ таолонинг изни билан, Ислом дини мукаммал илоҳий тузум ўлароқ, дунёдаги нуқсонларни, жумладан, инсониятнинг нафис қисми саналмиш аёлларга бўлган муносабатдаги мавжуд нуқсонларни тузатишга киришди. 

        Ислом дини биринчи бўлиб, аёл киши ҳам худди эркак кишидек, тўлақонли инсон эканини эълон қилди. 

        Аллоҳ таоло “Нисо” сурасида шундай деб марҳамат қилади: “Эй одамлар! Сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, иккисидан кўплаб эркагу аёллар яратган Роббингиздан қўрқинглар”. Демак, инсонийлик ва қонун нуқтаи назаридан эркагу аёллар тенг ҳуқуқлидир. Ойиша розияллоҳу анҳо онамиздан келган ҳадисда Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта аёллар эркакларнинг туғишганларидир” дедилар (Термизий ривояти).

     Исломда аёлларга эътибор кўпроқ бўлди. Қуръони каримнинг узхун сураларидан бири “Нисо” (Аёллар) деб аталди, бошқа бир сура “Мужодала” (тортишувчи аёл) номини олди, шунингдек, “Талоқ” сурасини ҳам “Кичик нисо” дейишади. 

        Шунингдек, “Нур” ва “Азҳоб” сураларида ҳам аёллар масалаларига эътибор қаратилади. 

        Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам аёллар учун ҳам мажлислар ўтказиб турар эдилар. 

     Аёллар жисмонан ва руҳан нозик ҳилқат бўлган ожиза эканликлари ҳисобга олиниб, уни нафақа билан таъминлаш эркаклар зиммасига юклатилади. Нафақа деганда, турар жой, кийим, таом, дам олиш, таълим олиш ва даволаниш каби ҳаётий тақазоларни таъминот этиш назарда тутилган. 

      Аёлнинг оила доирасидаги ҳуқуқлари:

  1. Умумоилавий ишларда масъулиятнинг тенглиги.

Расулуллоҳ саллалоҳу алайҳи ва саллам: “Огоҳ бўлинглар. Барчангиз раҳбарсизлар ва ўз қўл остингиздагилардан сўралурсизлар. Одамлар устидан турган имом раҳбардир ва у ўз қўл остидагидан сўралур. Эр киши ўз аҳли байтида раҳбардир, у ўз қўл остидагидан сўралур. Аёл киши эри ва ўғли уйида раҳбардир ва ўз қўл остидагидан сўралур” дедилар. 

 

  1. Ажрашишдаги тенглик. Исломда аёл киши ҳам ажрашиш ҳуқуқига эга. Бу ишни жуда зарур ҳолатда “хулуъ” (макруҳи таҳримий) йўли билан амалга оширади. 
  2. Иймон эътиқоддаги тенглик.
  3. Мерос олишдаги тенглик. Аллоҳ таоло “Нисо” сурасининг 7-оятида шундай марҳамат қилади: “Эркаклар учун ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насчиба бордир. Аёллар учун ҳам  ота-она ва қариндошлар қолдирган нарсадан насиба бор. Озидан ҳам, кўпидан ҳам. Фарз қилинган нарса ўлароқ ”.

 

      Бундан ташқари ислом дини аёлларга турмушга чиқишга розилик бериш, маҳр олиш, илм бериш, меҳнат қилиш, “ризоъ”, яъни, болани сут билан таъминлаш, хидона-фарзандини тарбиялаш каби ҳуқуқлар берди. 

 

Нигора Минаварова,

Дин ишлари бўйича қўмита