Жорий йилнинг 6 декабрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан Дин ишлари бўйича қўмита томонидан “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси - диний бағрикенглик, тинчлик ва барқарорлик гарови” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Матбуот анжуманида Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ходимлари, ноисломий конфессиялар вакиллари, имом-хатиблар ҳамда ОАВ вакиллари қатнашишди.

Унда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилиниш тарихи, унинг халқаро ҳамжамиятда тутган ўрни ва юртимиз ривожи ва бугунги кундаги ислоҳотларга бош мезон бўлиб хизмат қилаётгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, Ўзбекистон фуқароларининг миллати, ирқи, дини ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар давлат ҳимоясида экани ва қонун олдида тенглиги ҳамда уларнинг дин соҳасидаги ҳуқуқ ва эркинликлари тўлиқ таъминлангани масаласи ҳам Конституцияда ўз аксини топгани таъкидланди.

Матбуот анжуманида бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми экани, бугунги кунда турли миллат ва элатлар ўртасида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш, диний бағрикенглик тамойилларини қарор топтириш борасидаги саъй-ҳаракатлар таҳсинга сазовор экани алоҳида қайд этилди.

Шунингдек, бу масала Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топгани, хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётган юксак эътиборининг намунаси экани уқтирилди. Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида “Маърифат ва диний бағрикенглик” деб номланган махсус резолюция қабул қилиш ташаббуси билан чиққани жаҳон ҳамжамиятининг диққатини тортгани ҳам зикр этилди.

Матбуот анжуманида Бош қомусимиз асосида турли миллат ва элатлар, диний конфессиялар вакиллари ўртасидаги аҳил-иноқлик, ҳамжиҳатликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, тинчлик-осойишталик, барқарорликни сақлаш йўлида олиб борилаётган эзгу ишлар, амалий чора-тадбирлар ҳақида сўз юритилди.

 

Анжуман иштирокчиларидан бири – Тошкент ва Ўзбекистон Епархияси раҳбари, митрополит Викентийнинг таъкидлашича, “Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган қонунлар асосида барча миллат ва дин вакиллари тинчлик, дўстлик ва ўзаро ҳамжиҳатликда, бугунидан рози, ёруғ келажак сари катта умидлар билан, шу юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш мақсадида ҳаёт кечиришмоқда”.

“Бугунги кунда жаҳон ҳамжамияти томонидан бағрикенглик масаласига жуда катта аҳамият қаратилмоқда. Аслида, бағрикенглик бор жойда тинчлик, тараққиёт бўлади. Одамлар ўртасида низолар келиб чиқмайди. Бугун Ўзбекистон Республикаси Конституцияда ўз аксини топган бағрикенглик масаласи жаҳон ҳамжамияти эътирофига сазовор бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонда турли конфессия вакиллари ўртасида мустаҳкам дўстлик, бағрикенглик муҳитини шаклланишида Конституциянинг ўрни беқиёс”, дейди Тошкент шаҳар баҳоийлар диний жамоаси вакили Татьяна Клемёнова.

Матбуот анжумани якунида соҳа мутахассислари, турли диний конфессия вакиллари, талабалар ёшлар мавзу юзасидан ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.

Матбуот хизмати