“Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан пойтахтимиздаги “Кўҳинур” тўйхонасида “Мурувват куни” хайрия тадбири ташкил этилди

       2018 йил 3 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан ҳамкорликда “Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан пойтахтимиздаги “Кўҳинур” тўйхонасида “Мурувват куни” хайрия тадбири ташкил этилди.
Унда 300 нафар кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган шахслар иштирок этди. Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон кар-соқовлар жамияти, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти раҳбар ходимлари иштирок этишди.
Тадбирда 3 декабрь санасида ногиронлиги бўлган шахслар кунининг нишонланишидан асосий мақсад бутун дунёда амалга ошириладиган дастур ва лойиҳаларда ногиронлар бошқа ногирон бўлмаган кишилар билан тенг ҳуқуқлилик асосида иштирок этишини, ногиронларнинг манфаатлари, ҳуқуқлари инобатга олинишини, барча мамлакатларда ногиронларнинг қадр-қимматини ҳимояловчи қонунлар ва тартиб-таомилларнинг жорий этилишини таъминлаб, барча учун очиқ ва дўстона бўлган жамият қуришдан иборат экани айтилди. 
        Шунингдек, Ўзбекистонда ҳам ногиронлиги бўлган шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларни жамиятимизнинг тўлақонли аъзоси эканликларини кўрсатиш мақсадида турли тадбир ва ислоҳотлар амалга оширилаётгани, буни Ўзбекистон Президенти томонидан “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармоннинг имзолангани мисолида ҳам кўриш мумкинлиги таъкидланди. 
        Ушбу фармонда авваллари ногиронларни камситиш сифатида ишлатилган “ногирон” сўзи ўрнига “ногиронлиги бўлган шахс” иборасининг қўлланилиши белгилангани юртимизда инсон омилига бўлган юксак эътиборнинг натижаси экани қайд этилди.
Йиғилганларга илк бора “Таҳорат ва намоз” (Имконияти чекланганлар учун сурдо таржимали видео қўлланма. Кўзи ожизлар учун эса “Намоз ва таҳорат”,          “Ижтимоий одоблар” китобининг аудио вариантлари шунингдек, бошқа ногиронлиги бор фуқоролар учун  “Мусулмоннинг меърожи” китоблари ҳадя қилинди. Бу каби тадбирлар Республикамизнинг бошқа вилоятларида ҳам ўтказилиши таъкидланди. 
         Тадбирда  иштирок этган Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ўз сўзида, имконияти чекланган юртдошларимизнинг талаб ва истакларига мувофиқ диний адабиётларни брайл ёзувида нашр қилиш, аудио-дисклар чиқариш, маърифий суҳбатлар сонини янада кўпайтириш, жума маърузаларини  уларга тушунарли бўлиши учун сурдо таржимонлар ёрдамида ташкил этиш бўйича ишлар амалга оширилаётгани ҳақида гапириб ўтди.
          Эсингизда бўлса, 23 ноябрь кунидан эътиборан илк маротаба Шайх Зайниддин жоме масжидида жума маърузалари сурдо таржимон ёрдамида онлайн режимида ташкиллаштирилган эди.
          Эслатиб ўтамиз, шу йил 28 октябрь куни Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан жисмоний имконияти чекланган фуқаролар билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, ҳар ойнинг биринчи якшанбаси “Мурувват куни” сифатида белгиланган эди, бугунги тадбир ҳам шу лойиҳанинг навбатдагиси сифатида бўлиб ўтди.

ДИҚ Матбуот хизмати

Кабул кунлари

Пайшанба 15:00 дан 17:00 гача

Ишонч телефон

+99871 239-17-63

Регламент


Ягона телефон

+99871 200-58-88

Регламент


Ягона ишонч телефони кун тартиби: Душанба-Жума 9:00 дан 18:00 гача

Архив

Воқеалар

Ду Се Чо Па Жм Шн Як

СЎРОВНОМА

Сайт хакидаги фикрингиз кандай?