Эсингизда бўлса, октябрь ойи якунида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ташаббуси билан жисмоний имконияти чекланган фуқароларимиз билан очиқ мулоқот ташкил этилиб, ҳар ойнинг биринчи якшанбаси Қўмита тизимида “Мурувват куни” сифатида белгиланган эди. 

    Дастлабки мурувват куни жорий йилнинг 4 ноябрь куни 350 нафардан зиёд кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапириш имконияти чекланган фуқароларимиз иштирокида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда  иштирок этган Дин ишлари бўйича қўмита раис ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ўз сўзида, имконияти чекланган юртдошларимизнинг талаб ва истакларига мувофиқ диний адабиётларни брайл ёзувида нашр қилиш, аудио-дисклар чиқариш, маърифий суҳбатлар сонини янада кўпайтириш, жума маърузаларини  уларга тушунарли бўлиши учун сурдо таржимонлар ёрдамида ташкил этиш бўйича ишлар режалаштирилганлигини маълум қилган эди.

    Шу муносабат билан, бугун 23 ноябрь куни илк маротаба Шайх Зайниддин жоме масжидида жума маърузалари сурдо таржимон ёрдамида онлайн режимида ташкиллаштирилди.

    Ҳозирда Қўмита томонидан диний-маърифий телекўрсатувларни ҳам сурдо таржимонлар иштирокида эфирга узатиш ва шу каби бошқа қатор хайрли ишлар юзасидан амалий ишлар олиб борилмоқда.