Конституциямизнинг 26 йиллигига бағишлаб "Дўстлик" спартакиадаси ўтказилмоқда. Мазкур тадбир 17-ноябр куни “Миллий” ўйингоҳида бошланди. Мусобақа қатнашчилари футбол, шашка, шахмат, бадминтон ҳамда стол тенниси бўйича ўз кучларини синовдан ўтказишмоқда. Хусусан, футбол бўйича 87 жамоа баҳс олиб бораяпти. Унда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита жамоаси ҳам муваффақиятли иштирок этмоқда. Ҳозирда жамоамиз Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги жамоасига қарши ўйинда ташкилот шарафини муносиб ҳимоя этиб, 3:0 ҳисобида ғалабага эришди. Бугун 18 ноябр куни соат 15:00 да ташкиллаштирилган ўйинда эса Республика “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ходимларига қарши 4:1 ҳисобида муваффақиятни қўлга киритди.
      —Вазирлик, идора ва ташкилотлар ўртасидаги дўстлик мусобақалари ходимлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, уларни оммавий тарзда спортга жалб қилиш, ва ходимлар ўртасида ўзаро дўстлик муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат, — дейди Дин ишлари бўйича қўмита Халқаро алоқалар бўлим бошлиғи Д.Бобожонов.  

      Футбол жамоалари 15 та гуруҳга бўлинган ҳолда  ўзаро ўйин баҳсини олиб боряпти. Эртанги ўйинда Дин ишлари бўйича қўмита жамоаси  "Қишлоқ қурулиш банк" жамоаси билан беллашади.

       Мусобақаларнинг финал босқичи ва ғолибларни тақдирлаш маросими 24 ноябр куни пойтахтимиздаги “Миллий” стадионда ўтказилади. Ғолибларни тақдирлаш маросими доирасида маданий концерт дастури ҳам режалаштирилган. Биз жамоамизга спартакиадада омад тилаймиз!