Ўзбекистон ва Миср мамлакатлари узоқ йиллардан буён таълим соҳаси бўйича мустаҳкам асосларга эга бўлган ўзаро ҳамкорлик алоқаларини изчил тарзда ривожлантириб келмоқда. Шу ўринда Мисрнинг фахри, ислом оламининг илмий марказларидан бири – бир минг икки юз эллик йилга яқин тарихга эга бўлган ал-Азҳар мажмуаси жаҳондаги ҳам диний, ҳам дунёвий йўналишлар борасидаги етакчи олий таълим муассаса ҳисобланади.

Тарихга назар соладиган бўлсак дастлаб, мазкур университет Фотимийлар даврида Ал-азхар масжиди қошидаги мадраса сифатида ташкил этилиб, Пайғамбаримиз Муҳаммад (САВ) қизлари Фотимаи Заҳро (Р.А) шарафига номланган. Қоҳира шаҳри географик жиҳатдан Осиё ва Африка минтақасининг чорраҳасида жойлашганлиги боис Ал-азхарга кўплаб ҳорижий мамлакатлар талабалари ҳам илм талабида ташриф буюрган. 

Бугунги кунга келиб университет араб мамлакатлари ичидаги энг катта ва нуфузли таълим даргоҳига айланган, у ўзига хос Миср бренди ҳисобланади. Ҳатто университет номи мамлакат конститутциясида қайд этиб ўтилиши унинг аҳамиятини кўрсатиб турибди. Ҳозирда Ал-Азҳар ўз таркибида ислом тадқиқотлари академияси, университет, маъҳадлар, жоме масжиди, бир қанча илмий марказларни бирлаштирган йирик расмий диний мажмуа ҳисобланади.

Хабарингиз бор, айни кунларда Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад Таййиб  бошчилигидаги ал-Азҳар мажмуаси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг юртимизга ташрифи давом этмоқда. Улар ўз сафарини Ўзбекистон халқаро ислом академиясига ташриф билан бошлади. 

Шайх Аҳмад Таййиб  Халқаро Ислом академиясидаги учрашуви чоғида ислом дини равнақига катта ҳисса қўшган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий, Маҳмуд Замахшарий сингари буюк уламоларимизнинг бебаҳо илмий меросини биргаликда ўрганиш муҳим эканлигини қайд этди. Хусусан Мисрда Имом Мотрудий ҳазратларининг илмий фаолиятига бағишланган конференция ташкил этиш зурурлиги юзасидан ўз таклифларини билдирди. Шу мақсадда Ўзбекистон делегациясини мазкур илмий конференциянинг ташкилий томонларини муҳокама этиш учун Мисрга таклиф қилди. 

А.Таййиб Халқаро ислом академияси таркибида Ал-Азҳар университети кафедрасини ташкил этиш, мисрлик таниқли олимларнинг юртимизда дарс бериши, Ал-Азҳар магистратурасида талаба ва ёш олимларимизнинг имтиёзли таҳсил олиши, икки давлат уламоларининг қўшма Фатво ҳайъатини тузиш ҳамда биргаликда илмий анжуманларни ва қўшима тадбирларни ўтказиш бўйича таклифларни қўллаб-қувватлади.

Ўзаро самимий кечган мулоқот якунида Шайх Аҳмад Таййибга Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг биринчи фахрий профессори унвони тантанали равишда топширилди. 

11 октябрь куни нуфузли делегация Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қабулида бўлди. 

Давлатимиз раҳбари Ал-Азҳар университети билан имзоланган ҳамкорлик меморандумлари диний уламолар, олимлар, малакали профессор-ўқитувчилар ва иқтидорли талабалар алмашувини йўлга қўйишда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.

Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад ат-Таййиб бошчилигидаги ал-Азҳар мажмуаси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг юртимиз бўйлаб сафари давом этмоқда.

 

 

Дин ишлари бўйича қўмита 

Матбуот хизмати