Делегация раҳбари, Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад ат-Таййибфалсафа ва ислом ҳуқуқи бўйича кўплаб илмий ишлар, таржималар ва мақолалар муаллифидир. Унинг нафақат шаръий, балки дунёвий масалалар бўйича қарашлари ҳам катта аҳамиятга эга бўлиб, у халқаро ҳамжамиятда катта эътиборга сазовор уламолардан биридир.

               Халқаро Ислом академиясидаги учрашув ўзаро ҳурмат ва дўстона кайфиятда бошланди. Меҳмонларни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси Ж.Акрамов, раис ўринбосари Н.Абулҳасан, Мусулмонлар идораси раиси муфтий У.Алимов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби шайх А.Мансур, Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Минаваров ҳамда Халқаро Ислом академияси ректори Ш.Ёвқочев ва бошқалар кутиб олди.

                  Дастлаб Шайх Аҳмад ат-Таййиб самимий қабул учун миннатдорчилик изҳор этиб, ўзаро ҳамкорлик масаласида қатор таклифларини билдириб ўтди. Жумладан, таълим бериш учун ал-Азҳар университетининг педагог кадрларини Халқаро Ислом академиясига жалб этиш, академия ўқитувчиларининг араб тили бўйича малакасини ошириш, тренинглар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш, Ислом дини доирасидаги муаммоларни давра суҳбатлари, семинарлар ва конференциялар кўринишида илмий жиҳатдан таҳлил қилиш ва бошқа масалалар бўйича тизимли ишларни амалга ошириш кераклигини таъкидлади.

                     Мисрнинг фахри, ислом оламининг илмий марказларидан бири – бир минг икки юз эллик йилга яқин тарихга эга бўлган ал-Азҳар мажмуаси жаҳондаги ҳам диний, ҳам дунёвий йўналишлар борасидаги етакчи олий таълим муассаса эканлиги ва келажакда Ислом академиясининг талабаларига ҳар бир йўналиш бўйича 10 тадан имтиёзли стипендиялар ажратилиши, яъни уларнинг мазкур таълим даргоҳида бепул таҳсил олишларига имконият яратиш режалаштирилаётганлигини маълум қилди.

                             Бундан ташқари Имом хатиблар, магистрлар, аспирантура ва докторантура йўналишида таҳсил олаётган ва илмий тадқиқот ишларини олиб бораётганларга ҳам махсус ўқувларни ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

                     Дунёга машҳур уламо Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад ат-Таййиб ўз сўзида буюк аждодларимиз фаолияти ва улар қолдирган илмий мерос ҳақида тўхталиб, хусусан Мисрда Имом Мотрудий ҳазратларининг илмий фаолиятига бағишланган конференция ташкил этиш бугунги кунда жуда муҳим аҳамият касб этишини, мазкур анжуман айни кунда долзарблиги юзасидан ўз таклифини билдирди. Шу мақсадда 10 нафардан иборат делегацияни мана шу илмий конференциянинг ташкилий томонларини муҳокама этиш юзасидан Мисрга таклиф қилди. 

         Ўзбекистон халқаро ислом академиясида бўлган мулоқот чоғида Шайх Аҳмад ат-Таййибга эҳтиром тариқасида академиянинг фахрий профессори унвони ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди.

         Миср Бош имоми – Шайх Аҳмад ат-Таййиб бошчилигидаги ал-Азҳар мажмуаси вакилларидан иборат нуфузли делегациянинг юртимиз бўйлаб сафари давом этмоқда.

 

 

 

Дин ишлари бўйича қўмита 

                                                                                                                                                                                                                  матбуот хизмати