ДУНЁДА ИЛМДАН БОШҚА НАЖОТ ЙЎҚ ВА БЎЛМАГАЙ...

“Аллоҳ сизлардан имон келтирганлар ва илм 

берилганларнинг даражаларини кўтарур” 

(Мужодала сураси, 11 оят)

 

Юртимиз қадим-қадимдан илм-маърифат маркази, цивилизациялар чорраҳаси бўлиб келган. Ушбу табаррук заминдан дунёга илму ирфон зиёсини таратган буюк алломалар, олиму мутафаккирлар етишиб чиққан. Улар илм-фаннинг кўплаб жабҳаларига асос солиб, жаҳон тамаддунининг шонли маёғи бўлиб келганлар. Албатта, бунга аждодларимизнинг муқаддас динимизнинг илм эгаллашга доир кўрсатмаларини ҳаётларининг шиорига айлантирганлари сабаб бўлган. Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, бобокалонларимиз илмни дунёвий ва динийга ажратмаганлар. Икки дунё саодатини диний ва дунёвий илмларнинг уйғунлигида кўрганлар. Аслида, инсоният илмининг тарихи ҳам шуни исботлайди. Қачонки мусулмонлар диний ва дунёвий илмни баробар эгаллаганларида халқларнинг энг пешқадамибўлганлар. Шунинг учун ҳам исломнинг илмга доир тарихини ўрганган инсон унинг зарварақларида барча жабҳаларда ўз даврининг дурдонаси бўлган қомусий олимларнинг муборак номларини топади. 

Ислом динининг муқаддас китоби бўлмиш Қуръони каримда ҳам билим олиш ва уни тарқатишга оид кўп кўрсатмалар учрайди. Ушбу буюк каломнинг илк нозил бўлган ояти ҳам айнан илм олишга тарғиб – “Ўқи!” чақириғи билан  бошланган. Қуръони каримда “илм” сўзи турли шаклларда 768 маротаба ишлатилганининг ўзидан ҳам динимизда илмнинг тутган ўрни беқиёс эканини англаш мумкин.

Шунинг учун ҳам илмнинг дунё-ю охиратдаги фазлини англаган, 600 минг ҳадисни санади билан ёддан билган, шулардан фақатгина 7 мингдан ортиқроқ энг ишончлисини ўз китобида келтирган буюк муҳаддис, ҳадис илмининг чироғи Имом Бухорий ҳазратлари“Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ, бўлмайди ҳам”,деган хулосага келганлар.

Динимиз илмни инсоннинг икки дунёсини обод қилиш учун восита қилди. Ҳадиси шарифларда охиратини деб дунёсини, дунёси учун охиратини ташлаб қўймаган инсон Аллоҳга энг суюкли банда сифатида тараннум этилади. Муқаддас ислом динимизнинг амри ҳам шу. Буни биз Имом Бухорий ўз саҳиҳларида ривоят қилган: “Илмни агарчи у Хитойда бўлса ҳам ўрганинглар”ҳадисидан билиб олишимиз мумкин. 

Илк ислом даврида Хитойда диний билимлар эмас, балки инсон ҳаётини фаровон бўлишига сабаб бўлувчи дунёвий фанлар ривожланганини эътиборга оладиган бўлсак, динимизда илм деганда фақатгина шаръий илмлар кўзда тутилмаслиги яққол англашилади. 

Аждодларимизнинг бой илмий меросини ўрганар эканмиз, уларда ёш авлодга диний илмлар билан бир қаторда ўзлари учун зарур бўлган замонавий билим ва кўникмаларни ўргатиб бориш ҳам ўта муҳим экани таъкидланади. Токи, улар ўз замонасидан ортда қолмасинлар. Ўз даври ютуқларидан ортда қолган халқ, албатта, қолоқликка маҳкум. Буни биз сўнгги асрдаги мусулмон давлатлари бошига келган мустамлакачилик, қашшоқлик ва жоҳиллик офатларидан ҳам билиб олсак бўлади. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан “илмнинг эшиги” дея таърифланган Ҳазрат Али (к.в.) бежизга: “Фарзандларингизга ўзингиз яшаб турган замоннинг эмас, улар яшайдиган замонга муносиб илмни беринг. Зеро, улар сизлардан кейинги даврда яшайдилар”, демаганлар.

Бироқ бугунга келиб, ҳолатлар ўзгарди. Мусулмонлар илмни бир-биридан айро икки йўл қилиб олдилар. Натижада, мусулмон уммати ичида дунё тараққиётига мутлақо бегона жоҳил мутаассиблар ҳамда бутун эътиборини фақатгина моддиятга қаратган, дин ва ахлоқ каби тушунчалардан узоқ бўлган маънавий жиҳатдан тубан тоифалар пайдо бўлди. 

Инсониятга табобат сирларини очиб берган Ибн Синони кофир, зиндиқ деб туҳмат қилган, замонавий астрономияга асос солган Улуғбекни сеҳр-жодуда айблаганлар ҳам илмдан бебаҳра, бурнининг пастидан нарисини кўра олмайдиган калтабин, мутаассиб ва жоҳиллар эди. 

Бунинг оқибатида эса мусулмон халқлари орасида ўзаро ихтилофлар, низо ва можаролар авж олди. Сийратга эмас, суратга берилган юзакилик тарафдорлари кўпайди. Қалб поклиги, ахлоқ, илмни биринчи ўринга қўядиганлар тақчиллашиб, инсонларнинг кийимига қараб яхши-ёмонга ажратадиган “алломалар” тўлиб-тошди. Бу аянчли ҳолатдан усталик билан фойдаланган турли кучлар эса аслида ҳар соҳада дунёнинг пешқадами бўлиши лозим бўлган мусулмонларни ўз манфаатларига етиш йўлидаги қурол ўлароқ ҳар кўйга солдилар. 

Афсуски, бу каби иллатларнинг бир учи бизнинг диёримизга ҳам ўз соясини солди. Зеро, мустақилликнинг илк йилларида оз бўлсада, бизнинг заминимиздан ҳам ўз ватани, ота-онаси, халқини кофирга чиқариб, ер юзида қатл ва фасоднинг ёйилишидан бошқа ишга “ҳисса” қўшмаётган, шу жирканч ҳолатини “жиҳод”, “шаҳидлик” каби олий тушунчалар билан хаспўшлашга уринаётган жоҳилларнинг чиққани рост.

Бироқ, заминимизнинг ҳамиша ўз эгалари, илмни ҳаётининг мазмунига айлантирган раҳнамолари бўлган. Давлат раҳбари бошчилигида “Жаҳолатга қарши маърифат” шиори остида ёшларимизни ҳам диний, ҳам дунёвий билимга эга комил авлод этиб тарбиялаш жамиятимиз ҳаётининг бош мезонига айланди. 

Бугун юртимизда илмга бўлган эътибор ўз чўққисига чиқди. Бу борада муҳим фармонлар, қарор ва давлат дастурлари қабул қилинмоқда. Президентимиз томонидан 2018 йил 21 сентябрь имзоланган “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини инновацион ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонда ҳам юртимизда таълим сифати ва қамровини ошириш, узлуксиз таълим тизимини ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш каби бугунги куннинг долзарб вазифалари белгилаб берилди. Шунингдек, Фармонда илмий тадқиқотлар ва ишланмаларнинг илмий салоҳиятини мустаҳкамлаш ва самарадорлигини ошириш, илмий-тадқиқот, тажриба-конструкторлик ва технологик ишлар натижаларини кенг жорий этиш учун таълим, илм-фан ва тадбиркорликни интеграция қилишнинг таъсирчан механизмларини яратишга ҳам алоҳида урғу берилган. Фармонда кўрсатилган вазифаларни бажариш орқали юртимиз яқин 10 йилликда жаҳоннинг 50 илғор мамлакати қаторига киришига эришишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.

Шубҳасиз, ҳозирда юртимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, илм-фан ва замонавий технологияларни ривожлантиришга қаратилаётган ҳукумат даражасидаги эътибор эртанги келажагимиз учун пойдевор вазифасини ўтайди. Айниқса, юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек машаққатли иш экани ҳамда бу соҳага эътибор бериш доимо ҳукумат учун долзарб вазифа бўлиб қолиши ҳақидаги фикрлари таҳсинга сазовордир. 

Ҳозирги кунда юртимизда илм-фанга берилаётган эътибор яқин келажакда ўз самарасини бериши шубҳасиз. Чунки, тарихнинг қайсидир босқичида бирор-бир цивилизация ўз замонасининг энг илғори бўлган бўлса, бунга фақат ва фақат илм-фан борасида бошқалардан илғор бўлгани эвазига эришган. Аксинча, қайсидир тамаддун ўз нуфузини йўқотиб, оқибатда бошқаларга муте бўлиб, инқирозга юз тутган бўлса, у ҳам ўша жамиятда илдиз отган жаҳолат оқибатида шундай аҳволга тушган. Шундай экан, кимларнингдир ноғорасига ўйнаб, буюк зафарлар сари отланган халқимиз орасида фитна чиқаришга уринаётган ғаламисларнинг найрангларига учмаган ҳолда ёшларимизни ҳар томонлама етук, маънавиятли, замонавий илмларда пешқадам қилиб вояга етказиш шу юртнинг тақдирига бефарқ бўлмаган ҳар бир инсон учун ҳам қарз, ҳам фарздир.

Умид қиламизки, тарихда бутун дунёга устозлик қилган диёримиз тез орада яна шундай олий мартабани қўлга киритади.

 

 

Дин ишлари бўйича қўмита 

раиси ўринбосари Н.Абулҳасан

Кабул кунлари

Пайшанба 15:00 дан 17:00 гача

Ишонч телефон

+99871 239-17-63

Регламент


Ягона телефон

+99871 200-58-88

Регламент


Ягона ишонч телефони кун тартиби: Душанба-Жума 9:00 дан 18:00 гача

Архив

Воқеалар

Ду Се Чо Па Жм Шн Як

СЎРОВНОМА

Сайт хакидаги фикрингиз кандай?