Жорий йилнинг 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги  ташаббуси билан Тараққиёт стратегияси марказида Диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун розилик бериш тартиби тўғрисидаги Низом муҳокамасига бағишланган Брифинг ва Матбуот анжумани ташкил этилди.

Унда Адлия вазирлиги, Дин ишлари бўйича қўмита, ОАВ ходимлари иштирок этишди. Матбуот анжуманида мазкур низом қабул қилиниши муносабати билан илгари амалда бўлиб келган Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 20 июндаги "Ўзбекистон Республикасида диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида"ги 263-сон Қарори ўз кучини йўқотгани, янги қарордаги енгилликлар, жумладан, илгари амал қилган тартибга асосан қонун ва таъсис ҳужжатлари талаблари бузилган тақдирда, рўйхатдан ўтказувчи орган (Адлия вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари) диний ташкилотга энг кам ойлик иш ҳақининг 100 баравари миқдорида жарима солишга ҳақли эканлиги белгиланган эди, янги қабул қилинган қарорда ушбу нарса назарда тутилмаган, яъни адлия органларидан диний ташкилотга жарима солиш ваколати олиб ташлангани, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказиш учун тўланадиган давлат божлари камайтирилгани айтиб ўтилди.

Эндиликда, диний ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари учун – энг кам ойлик иш ҳақининг йигирма баравари, бошқа диний ташкилотлар учун – энг кам ойлик иш ҳақининг ўн баравари миқдорида давлат божи ундирилиши, илгари бу миқдор диний ташкилотларнинг марказий бошқарув органлари ва диний таълим муассасалари учун энг кам ойлик иш ҳақининг 100 бараварини, бошқа диний ташкилотлар учун эса 50 бараварини ташкил этгани, шунингдек, янгиликлардан бири диний ташкилот раҳбарлари диний маълумотни хорижий давлатда олган бўлса диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда унинг нострификацияланганлиги ҳақидаги ҳужжатни ҳам тақдим этиши лозимлиги, илгари бу нарса назарда тутилмагани, диний ташкилотни рўйхатдан ўтказишда тақдим этиладиган ҳужжатлар сони қисқартирилгани ҳам алоҳида зикр этилди.

Шунингдек, анжуманида бошқа диний ташкилотлар, жумладан масжидларни рўйхатдан ўтказиш учун қуйидаги ҳужжатларни топшириш кераклиги таъкидланди:

- диний ташкилот тузиш ташаббускорлари бўлган ўн саккиз ёшга етган юз нафардан кам бўлмаган Ўзбекистон фуқаролари имзолаган ва нотариал тартибда тасдиқланган ариза;

- таъсис йиғилиши баёни ва диний ташкилот устави;

- давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги банк тўлов ҳужжати;

- диний ташкилот ташаббускорлари тўғрисидаги маълумотлар;

- диний ташкилотнинг раҳбар органи аъзолари тўғрисидаги маълумот;

- диний ташкилот раҳбарларининг диний маълумоти ҳақидаги ҳужжат нусхалари;

- Дин ишлари бўйича қўмитанинг розилик хати;

- диний ташкилотнинг юридик (почта) манзили тўғрисида тегишли маҳаллий давлат ҳокимияти органининг (Қурилиш вазирлиги, Давлат санитария-эпидемиология хизмати, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Давлат ёнғин хавфсизлиги хизматининг тегишли бўлинмалари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг розилик хати илова қилинган ҳолда) кафолат хати.

Матбуот анжуманида журналистлар ва иштирокчилар томонидан берилган барча саволларга атрофлича жавоб берилди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита 

                                                                                                                                                                                                                  матбуот хизмати