Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” олий даражадаги биринчи саммитидаги нутқи

Бисмиллаҳир раҳмонир раҳим! Муҳтарам делегациялар раҳбарлари! Ҳурматли Бош котиб жаноблари! Барчангизни бугун “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” олий даражадаги биринчи саммитида кўриб турганимдан ғоят мамнунман. Мўътабар бўлган Макканинг рамзий дарвозаси – гўзал ва бетакрор Жидда шаҳридаги тарихий учрашувимизни анчадан бери кутаётган эдик. Ушбу нуфузли анжуманимизни ўтказиш ташаббуси билан чиққани ҳамда тадбир юксак савияда ташкил этилгани учун Икки муқаддас масжид ходими, Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон Бин Абдулазиз Ол Сауд Аъло Ҳазратлари ҳамда Валиаҳд, Вазирлар Маҳкамаси раиси, биродаримиз Муҳаммад Бин Салмон Ол Сауд Ҳазрати Олийлари номларига билдирилаётган миннатдорлик сўзларига қўшиламан. Ҳурматли саммит иштирокчилари! Марказий Осиё ва Кўрфаз минтақаси халқларини азалдан яқин савдо алоқалари, муштарак қадрият ва урф-одатлар, энг муҳими, муқаддас ислом динимиз чамбарчас боғлаб туради. Мовароуннаҳр ва Арабистон диёрлари ўртасидаги тарихий алоқаларни ривожлантиришда буюк мутафаккир ва аллома боболаримизнинг беқиёс хизматлари борлигини фахр билан эслаймиз. “Барча муҳаддисларнинг пешвоси” – улуғ аллома Имом Бухорий ана шундай сиймолардан биридир. Мусулмон дунёсидаги олтита буюк муҳаддиснинг икки нафари минтақамизда туғилиб камол топгани, қадимий Бухоро эса “Қуббатул Ислом” номи билан шуҳрат қозонганидан ғурурланамиз. Маълумки, тўққизинчи аср бошида Аббосийлар давлати пойтахтидаги “Донишмандлар уйи” деб ном олган академияда Марказий Осиёлик 200 дан ортиқ алломалар илмий фаолият олиб борганлар. Мусо ал-Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино каби улуғ алломаларимиз эса бебаҳо илмий асарларини айнан гўзал ва мукаммал араб тилида яратиб, бутун дунёда шон-шуҳрат қозонганлар. Ҳозирда пойтахтимизда сақланаётган муқаддас Мусҳафи шариф – Усмон Қуръони ўлкамиз ва араб диёрлари ўртасидаги алоқалар қадимий ва теран илдизларга эга эканидан далолат беради. Бу каби ибратли мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Биз бундай буюк умумий тарихимиз ва меросимиз замонавий муносабатларимизга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши учун барча кучимизни сафарбар этишга тайёрмиз. Ҳурматли делегациялар раҳбарлари! Атрофдаги хавф-хатарларга қарамай, минтақаларимиз тинчлик, барқарорлик ва тараққиёт макони бўлиб келмоқда. Улкан иқтисодий, табиий ва интеллектуал ресурсларга эга бўлган Кўрфаз давлатларининг глобал барқарорлик ва энергетик хавфсизликни таъминлашдаги ўрни беқиёсдир. Айни пайтда Марказий Осиё ва Кўрфаз давлатлари бир-бирларига ишончли ва узоқ муддатли ҳамкор сифатида қарамоқда. Айниқса, сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Кўрфаз мамлакатлари билан алоқалари янги босқичга кўтарилганини мамнуният билан таъкидлайман. Бугунги кунда юртимизда етакчи компания ва банкларингиз билан амалга оширилаетган умумий лойиҳалар портфели 20 миллиард доллардан ортди. Ижобий тажрибаларимиздан келиб чиқиб, минтақаларимиз ўртасидаги амалий ҳамкорликни қуйидаги йўналишларда кенгайтиришни таклиф этамиз. Биринчидан. Биз сиёсий соҳада кенг қамровли алоқаларни турли форматларда ривожлантириш тарафдоримиз. Биродар давлатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштириш мақсадида келгусида кўп томонлама Дўстлик, минтақалараро боғлиқлик ва ҳамкорлик битимини ишлаб чиқиш масаласини биргаликда ўргансак, маъқул бўлар эди. Иккинчи йўналиш – юқори технологиялар ва инвестициялар соҳасидаги ҳамкорликдир. Биз инновациялар, “сунъий” интеллект, “яшил иқтисодиёт”, рақамлаштириш, “ақлли қишлоқ хўжалиги”, нано ва биотехнологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик платформалари ва ишчи механизмларини яратишимиз керак. Шу муносабат билан, мамлакатларимиз бизнес вакиллари иштирокида Қўшма инвесторлар кенгашини таъсис этишни ва унинг дастлабки йиғилишини Самарқандда ўтказишни таклиф этаман. Минтақамизда Кўрфаздаги ҳамкорларимиз билан тузилган инвестиция фондлари салоҳиятидан унумли фойдаланиш ва етакчи банкларингиз фаолиятини кенгайтириш истагидамиз. Шунингдек, “яшил энергетика” лойиҳаларини биргаликда амалга ошириш мақсадида алоҳида “Йўл харитаси” ни қабул қилиш муҳим, деб ҳисоблайман. Бугунги кунда мамлакатимизда АCWA Power, Мasdar, Мubadala, TACA, Nebras Power каби етакчи компаниялар билан умумий қуввати 15 гигаваттдан ортиқ қуёш ва шамол станцияларини барпо этиш ҳамда энергияни сақлаш лойиҳаларини амалга оширмоқдамиз. Келгуси ойда Саудия Арабистони билан “яшил” водородни ишлаб чиқариш бўйича йирик лойиҳага тамал тошини қўямиз. Учинчи йўналиш – савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтириш. Кўрфаз давлатлари билан эркин савдо режимини жорий этиш, техник регламентларни уйғунлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш долзарбдир. Бу борада кўп томонлама Савдо битимини қабул қилиш масаласини экспертларимиз ишлаб чиқиши лозим. Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун Кўрфаз давлатларига органик қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб бериш механизмларини татбиқ этишга тайёрмиз. Транспорт ва транзит соҳасида Ўрта транспорт коридорида энг мақбул тарифларни қўллаш, мавжуд мультимодал йўлаклардан кенг фойдаланиш ва тўғридан-тўғри авиақатновларни мақсадли субсидиялаш ёрдамида кўпайтиришни таклиф этаман. Кўрфаз давлатларини энг яқин ва қулай йўл орқали минтақамиз билан боғлайдиган Трансафғон темир йўлини қуриш стратегик лойиҳасида сизларни фаол иштирок этишга чорлаб қоламан. Ушбу йўл транспорт харажатлари ва юкларни етказиб бериш муддатларини икки баробарга қисқартириш имконини беради. Бу йўналишларда аниқ таклифлар ишлаб чиқиб, амалга ошириш мақсадида савдо ва транспорт вазирларимизнинг мунтазам мулоқотини йўлга қўйиш умумий манфаатларимизга хизмат қилади. Кейинги муҳим йўналиш – экология ва иқлим ўзгаришлари масаласи. Глобал Иқлим саммити бу йил Дубайда бўлиб ўтиши Кўрфаз давлатларининг мазкур йўналишда эришаётган ютуқлари халқаро эътирофидир. Шунингдек, Саудия Арабистонининг “Яқин Шарқ яшил ташаббуси” минтақа экологик тизимини тубдан яхшилашга салмоқли ҳисса қўшаётгани таҳсинга сазовордир. Юртимизда очилаётган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида биргаликда халқаро тадқиқотлар дастурини тайёрлаш ғоямизни маъқуллайсизлар, деб ишонаман. Эътиборингизни бешинчи йўналиш – туризм соҳасига қаратмоқчиман. Кўрфаздан сайёҳлар сонини кўпайтириш мақсадида биз бу давлатлар аҳолисига визасиз тартибни жорий этганмиз. “Кўрфаз – Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини ва туристлар учун мўлжалланган замонавий кластерларни яратиш, қўшма туристик маҳсулотларни кўпайтириш айни муддао бўлар эди. Бундан ташқари, минтақаларимиз етакчи сайёҳлик операторлари форумини 2024 йилда Ислом дунёси туризм пойтахти, деб эълон қилинган Хива шаҳрида ўтказишни таклиф этаман. Гуманитар йўналишда давлатларимизда миллий маданият ҳафталиклари, маданий мерос кўргазмаларини ташкил этиш орқали биродар халқларимизни янада яқинлаштирган бўлар эдик. Ҳозир Ўзбекистонда юз мингдан зиёд нодир қўлёзмалар сақланмоқда. Бу борада Ўмон Султонлиги кўмагида пойтахтимизда йирик лойиҳа амалга оширилганини биз миннатдорлик билан таъкидлаймиз. Ҳурматли анжуман қатнашчилари! Биз дунёда кузатилаётган исломофобия ҳолатлари билан биргаликда курашишимиз ва бу борада Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасида амалий қадамлар қўйишимиз керак. Умуман олганда ушбу ташкилотнинг масъулияти ва вазифаларини қайта кўриб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблайман. Терроризм, экстремизм, радикализм ва наркотрафикка қарши курашиш, ёшларимизни бу каби хавф-хатарлар Интернет ва бошқа воситалар орқали тарқалишидан асраш борасида алоқаларимизни кучайтиришни даврнинг ўзи талаб қилмоқда. Диққатингизни Афғонистон муаммосига қаратишни истар эдим. Бу юртда тинчлик ўрнатмасдан, нафақат минтақамиз, балки глобал хавфсизликни ҳам таъминлаш мумкин эмас. Шу маънода, Қатар ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби ташаббуси билан май ойида Доҳада ўтказилган махсус вакиллар илк учрашувлари натижаларини ижобий баҳолаймиз. Умуман олганда, бизнинг минтақаларимиз ташаббускор бўлиб, катта-катта минбарлардан Афғонистон муаммоларига бутун дунё эътиборини жалб этишимиз, афғон халқи ҳаётини енгил қилишга муносиб ҳисса қўшишимиз керак. Муҳтарам саммит иштирокчилари! Бугунги мулоқотимиз, билдирилган фикр-мулоҳаза ва таклифлар алоқаларимизнинг катта салоҳиятини кўрсатди. Минтақаларимиз энди учрашмоқда ва катта ҳамкорлик эшигини очмоқда. Бунинг учун биродаримиз Валиаҳд Муҳаммад Ол Сауд Ҳазрати Олийларига яна бир бор алоҳида ташаккур айтаман. Бу каби очиқ ва самарали учрашувларни изчил давом эттириш учун навбатдаги саммитимизни Ўзбекистонда ўтказишни таклиф қиламан. Ҳеч шубҳасиз, бугунги тарихий саммитимиз натижалари Кўрфаз ва Марказий Осиё минтақалари ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мутлақо янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади. Эътиборингиз учун раҳмат.

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида малака ошириш ўқувлари давом етмоқда.

144 соатга мўлжалланган мазкур ўқувлар Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва туман/шаҳар бош мутахассислари учун ташкил етилди. Ўқувларга турли вазирлик ва идоралардан масъул ходимлар ҳамда соҳанинг малакали мутахассислари жалб етилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов томонидан “Дин ишлари бўйича қўмита ходимларининг олдида турган долзарб вазифалар” мавзусида дарс машғулоти бўлиб ўтди.

Янги сайланган Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг лавозимга киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталари қўшма мажлисидаги нутқи

Халқимизнинг юксак ишончини оқлаш, эришган ютуқларимизни янги, янада улкан натижалар билан мустаҳкамлаш – бош вазифамиз

Дин ишлари бўйича қўмита ходимлари учун малака ошириш ўқувлари ташкил етилди

Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги Малака ошириш марказида Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитаси марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари ва туман/шаҳар бош мутахассислари учун малака ошириш ўқувлари бошланди. Унда 30 нафар тингловчи иштирок етмоқда.

Қурбон ҳайити – инсон қадри ва ижтимоий ҳимояни улуғлашга қаратилган байрам

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига мувофиқ, халқимизнинг маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутадиган, муқаддас ислом динининг езгу ғояларини ўзида яққол ифода етадиган Ийд ал-Aдҳо ­­– Қурбон ҳайити жамиятимизда инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, саховат ва шукроналик туйғуларини кучайтириш, ёшларимизда юксак фазилатларни камол топтириш мақсадида мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланмоқда.

Ўзбекистон ёшларига байрам табриги

Қадрли ўғил-қизларим! Аввало, сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун Ўзбекистон ёшларини мамлакатимизда кенг нишонланаётган қутлуғ айём – Ёшлар куни билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Ушбу байрамни сизлар билан биргаликда катта шоду хуррамлик билан ўтказаётган ота-оналарингиз, устоз-мураббийларингизни, кўпмиллатли бутун халқимизни самимий қутлаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман. Албатта, мана шундай қувончли айёмда юртимиз келажаги, умид ва ишончимиз рамзи бўлган азму шижоатли фарзандларимиз тимсолида Ватанимиз нақадар улкан имкониятларга эга эканини янада чуқур ҳис этамиз. Бугунги кунда мактаб, коллеж, техникум ва олийгоҳларда билим олаётган, ўз шахсий ишини очиб, тадбиркорлик билан шуғулланаётган, Қуролли Кучларимиз сафларида йигитлик бурчини шараф билан адо этаётган, ишлаб чиқариш, қурилиш, илм-фан, таълим, тиббиёт, маданият, адабиёт ва санъат, спорт соҳаларига, замонавий IT-технологиялари йўналишларига дадил кириб бораётган, катта орзу-умидлар билан яшаётган 18 миллиондан зиёд ўғил-қизларимиз – бизнинг бебаҳо бойлигимиз, олтин захирамиздир. “Янги Ўзбекистон бунёдкори бўламан!”, “Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишга муносиб ҳисса қўшаман!”, деган юксак мақсадлар фарзандларимиз қалбидан чуқур жой олиб, уларнинг ҳаёти ва фаолияти мазмунига айланиб бораётгани билан ҳар қанча фахрлансак, арзийди. Азиз ёшлар! Навқирон авлодимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, ўғил-қизларимизнинг билим олиши, меҳнат қилиши, ўз қобилият ва истеъдодини рўёбга чиқариши учун барча шароитларни яратиш сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат сиёсати даражасига кўтарилгани ва бу борада улкан ишлар амалга оширилаётгани сизларга яхши маълум, албатта. Ўтган қисқа даврда ушбу йўналишда 100 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилиниб, изчил амалга оширилаётгани буни яққол тасдиқлайди. Айниқса, янгиланган Конституциямизда ёш авлоднинг ҳуқуқ ва манфаатлари аниқ моддалар билан муҳрлаб қўйилгани, ҳеч шубҳасиз, бу борадаги ҳуқуқий базани янада кенгайтириш, амалий ишларимизни янги босқичга кўтариш имконини бермоқда. Шу ўринда янги таҳрирдаги Асосий қонунимиз лойиҳасини муҳокама этиш ва умумхалқ референдуми орқали қабул қилишда ёшларимиз алоҳида фаоллик кўрсатганини миннатдорлик билан таъкидлаб ўтмоқчиман. Бу эса ўғил-қизларимизнинг Ватанимиз тақдири ва келажагига юксак дахлдорлик туйғуси билан яшаётгани, мамлакатимиздаги сиёсий-ижтимоий жараёнларга янгича руҳ ва мазмун олиб кираётганидан далолат беради. Айни пайтда бундай фаол муносабат бутун халқимиз қатори ёшларимиз билан ҳам доимий мулоқотни йўлга қўйиб, фикр ва истакларини эшитаётганимиз, барча дастур ва режаларимизни амалга оширишда ўғил-қизларимизни кенг жалб этиб, уларга ишонч билдираётганимиз натижаси, десак, тўғри бўлади. Шу маънода, ўтган даврда ёшлар билан ишлаш бўйича мутлақо янги – вертикал бошқарув тизими яратилди. Юртимиздаги барча маҳаллаларда ёшлар етакчиси лавозими жорий этилиб, бу вазифага ташкилотчилик қобилиятига эга, ташаббускор йигит-қизлар танлаб олинди. Маҳаллада бу тизим орқали ёшларга 100 дан ортиқ имкониятлар яратилди. “Ёшлар дафтари” тизими йўлга қўйилиб, сўнгги икки йилда 798 минг нафарга яқин ёшларга қарийб 1 триллион сўмлик ёрдамлар кўрсатилди. Жумладан, 53 минг нафар эҳтиёжманд оилага мансуб талабага ўқиш учун контракт пуллари тўлаб берилди. Олий таълим муассасалари сони салкам уч марта кўпайиб, 210 тага, қамров даражаси эса 9 фоиздан 38 фоизга етгани замонавий илм ва касб соҳаларини эгаллашда ўғил-қизларимиз учун янги имкониятлар очмоқда. Охирги уч йилнинг ўзида 250 минг нафар ёшга 6 триллион сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилди. Мамлакатимиз бўйича 210 та “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари” ташкил этилиб, 4 триллион сўмлик 2,5 мингта лойиҳа амалга оширилди. Натижада, ёш тадбиркорлар сони 2 карра кўпайиб, 200 мингдан ошди. Биз нафақат ёшларимиз, балки бутун жамиятимиз ҳаётини тубдан ўзгартиришга хизмат қилаётган ана шундай эзгу ишларимизни бундан буён ҳам изчил давом эттирамиз. Шу борада ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, сиз, азизларнинг салоҳият ва иқтидорингизни ривожлантириш ва рўёбга чиқариш учун имконият ва шароитларни янада кенгайтирамиз. Қадрли ўғил-қизларим! Юртимиз ёшлари яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, турли соҳаларда дастлабки умидбахш натижаларни қўлга киритаётгани албатта барчамизни хурсанд қилади. Ўзбекистонлик ўқувчилар ўтган йили халқаро фан олимпиадаларида 7 та олтин, 36 та кумуш ва 38 та бронза медалини қўлга киритдилар. Ёш спортчиларимиз эса хaлқаро мусобақaларда муваффақиятли иштирок этиб, бу йил 247 та олтин, 119 та кумуш, 110 та бронза медаль соҳибига айландилар. Кейинги йилларда Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшиб келаётган ана шундай ёшларнинг 758 нафари давлат мукофотларига сазовор бўлдилар. Албатта, биз азиз фарзандларимизнинг орзу-интилишлари, илғор ғоя ва ташаббусларини рўёбга чиқариш бўйича бошлаган ишларимизни давом эттириб, уларни янги, янада юксак босқичга олиб чиқамиз. Ишончим комил, жонажон Ватанимизга меҳр ва садоқат билан яшаётган, илм-фан ва касб-ҳунарларни пухта эгаллаб, ҳозирги мураккаб замондаги кескин рақобатга тайёр бўлиб вояга етаётган ёшларимиз ҳар қандай баланд маррани эгаллашга қодир. Сиз, азизларни бугунги ёшлик, бахт ва нафосат айёми билан яна бир бор чин дилдан табриклаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, улкан ютуқ ва омадлар тилайман. Ҳеч қачон унутманг, ғалаба ва бахт – астойдил интилганники! Сизларнинг ютуғингиз – бу бутун эл-юртимизнинг ютуғи. Халқимиз сизларга ишонади, сизларга таянади, сизлардан куч-ғайрат, руҳ ва илҳом олади. Ўз олдингизга улуғ мақсадлар қўйиб яшашдан асло чарчаманг! Янги Ўзбекистонни албатта сизлар билан, бутун мамлакатимиз ёшлари билан бирга барпо этамиз. Барчангизга байрам муборак бўлсин, қадрли ўғил-қизларим! Шавкат Мирзиёев, Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфни «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони Ўзининг серқирра фаолияти ҳамда беқиёс илмий-маърифий мероси билан исломий тафаккур ва маданиятни равнақ топтириш, муқаддас динимизнинг улуғ инсоний ғояларини халқимизга етказиш, машҳур уламоларимизнинг бебаҳо асарларини чуқур тадқиқ этиш, турли мамлакат ва ўлкаларда кенг тарғиб қилиш борасидаги кўп йиллик самарали меҳнати, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, миллат ва элатлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва аҳилликни мустаҳкамлаш, жамият ҳаётида ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашга қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги алоҳида хизматлари учун Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохонни «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлаш тўғрисида"ги Фармони

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони Ғоят мураккаб тарихий шароитда фаолият кўрсатиб, мамлакатимиз ва минтақамизда ислом маданияти ва илм-фанини ривожлантириш, муқаддас динимизнинг инсонпарварлик моҳияти ва эзгу ғояларини эл-юртимизга безавол етказиш, буюк уламо ва мутафаккирларимизнинг бебаҳо илмий меросини турли миллатлар ва элатлар орасида кенг тарғиб этиш борасидаги кўп йиллик ибратли фаолияти, халқаро миқёсда динлараро мулоқотни йўлга қўйиш, ўзаро дўстлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш ишларига қўшган улкан ҳиссаси, диний ва дунёвий билимларни пухта эгаллаган етук мутахассисларни тайёрлаш, ёш авлодни эзгулик ва маърифат, она Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги юксак хизматлари учун Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармасининг собиқ раиси, муфтий, марҳум шайх Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон «Олий Даражали Имом Бухорий» ордени билан мукофотлансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев

Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига табрик

Қадрли дўстлар! Бугун юртимизда кенг нишонланаётган Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан сиз, азизларни, муҳтарам фахрийларимизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Бу айём нафақат ўз ҳаётини шу соҳага бағишлаган фидойи инсонлар, балки уларнинг машаққатли ижод ва меҳнат маҳсулидан баҳраманд бўладиган миллионлаб муштарийлар, тингловчи ва томошабинлар, бутун жамиятимиз учун ҳам қадрлидир.

СОҲА РАҲБАРЛАРИ ЯРАТИЛГАН ШАРОИТЛАР БИЛАН ТАНИШИБ, ЗИЁРАТЧИЛАР БИЛАН МУЛОҚОТ ҚИЛДИЛАР

Саудия Арабистонида хизмат сафарида бўлган Президент маслаҳатчиси М.Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси С. Тошбоев Макка шаҳридаги “Рошидия”, “Аброж Дана”, “Лаба Дарна” ва “Руба ал-Ҳижаз” меҳмонхоналаридаги юртимиз зиёратчилари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишишди.

СОҲА РАҲБАРЛАРИ НУФУЗЛИ СИМПОЗИУМДА

Бугун, 20 июнь куни Ўзбекистон делегацияси Ҳаж ва умра ишлари вазири Тавфиқ бин Фавзон ар-Рабиа таклифига биноан Жидда шаҳрида бўлиб ўтаётган 47-анаънавий ҳаж бўйича нуфузли симпозиумда қатнашмоқда. Ушбу делегация таркибига Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқ Тошбоев, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ва бир қатор соҳа мутахассислари жалб этилган. Дин ишлари бўйича қўмита Ахборот хизмати

Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори Асрлар давомида халқимизга хос меҳр-оқибат, хайр-саховат каби эзгу умуминсоний қадриятларни намоён этиб келаётган Қурбон ҳайити жонажон Ватанимизда ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик ва шукроналик фазилатларини янада мустаҳкамлашга беқиёс ҳисса қўшмоқда. Ушбу улуғ айёмнинг маънавий ҳаётимиздаги муҳим аҳамиятини эътиборга олиб ҳамда уни мамлакатимизда муносиб нишонлаш мақсадида: 1. Жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 28 июнь – чоршанба кунига тўғри келиши тўғрисида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган қарорни инобатга олиб, юртимизда 2023 йил 28 июнь куни Қурбон ҳайити байрами сифатида кенг нишонлансин. 2. Аҳолининг Қурбон ҳайити байрамини муносиб савияда ўтказиши учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 23 декабрдаги “2023 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида”ги ПФ-270-сон Фармони билан иш ҳафтасининг туридан қатъи назар барча ходимлар учун 2023 йилнинг 29-30 июнь кунлари, олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун 1 июль куни қўшимча дам олиш куни сифатида белгилангани маълумот учун қабул қилинсин. 3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита ва ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда Қурбон ҳайити халқимизнинг миллий анъана ва қадриятларига мос равишда ўтказилиши учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширсин. 4. Маданият ва туризм вазирлиги Транспорт вазирлиги билан биргаликда юртдошларимиз учун Қурбон ҳайити кунларида мўътабар зиёратгоҳлар ва тарихий қадамжоларга зиёратларни ташкил этиш мақсадида қулай шароит ва имкониятлар яратсин. 5. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилсин. 6. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н. Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси М.М. Камилов зиммасига юклансин. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев

САУДИЯНИНГ МАРКАЗИЙ НАШРИ: ЎЗБЕКИСТОНЛИК ҲОЖИЛАР МИННАТДОР

Саудия Aрабистонининг марказий нашри – “Ар-Риёз” газетасида ўзбекистонлик зиёратчиларни тантанали кутиб олиниши, ибодат қилишга қулай шароит яратилгани ва юқори даражада хизмат кўрсатилаётгани ҳақида мақола чоп этилди.

Саудия матбуоти зиёратчиларимизга бўлган эътиборни кенг ёритди

Саудия Арабистонининг етакчи нашрларидан бири, маҳаллий ва халқаро хабарларни кенг ёритадиган "al-hadath.com" Интернет нашри ўзбекистонлик зиёратчиларни кузатишдаги юксак ҳурмат-эҳтиром ҳақида хабар эълон қилди.

«Ҳаж-2023» мавсуми: эътироф ва мамнуният

Аввал хабар берганимиздек, айни кунларда зиёратчиларимизни муборак Ҳаж сафарига юбориш жараёни давом этмоқда. Бўлажак ҳожиларимиз яратилган шароитлардан мамнун бўлиб, ибодат ва дуоларни қилмоқдалар. Эътиборингизга