ТАКФИРДА ЧУҚУР КЕТИШ

Юсуф Қарзовий

Бутунжаҳон ислом

уламолари уюшмаси раиси

 

Аллоҳ таолога ҳамд ва Унинг расули саййидимиз Муҳаммад мустафога саловоту саломларимиз бўлсин!

Инсон “Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ” (Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ ва Муҳаммад унинг расули), – деб шаҳодат калимасини қалби билан холис тасдиқласа мусулмон ҳисобланади. Унга мусулмонларга қилинадиган муомала қилиниши лозим. Ким фақат тили билан шаҳодат калимасига иқрор бўлса ҳам, исломга киради. Қалбида уни инкор қилиб турган тақдирда ҳам унга мусулмонларнинг ҳукми жорий бўлади. Чунки биз зоҳирга қараб ҳукм чиқаришга, қалблардаги нарсаларни Аллоҳга ҳавола қилишга буюрилганмиз. Бунга далиллар:

1. Расулуллоҳ (с.а.в.) икки шаҳодатни айтганнинг мусулмонлигини қабул қилаверардилар. Намоз, рўза ва бошқа ибодатларни бажаришини кутиб ўтирмасдилар;

2. Усома ибн Зайд (р.а.) душманлардан бирига қилич яланғочлаб турганида у “Ла илаҳа иллалоҳ”, дейди. Лекин Усома уни ўлимдан қутулиш учун айтди, деб ўлдиради. Расулуллоҳ (с.а.в.) буни ишни танқид қилиб, “Уни “Ла илаҳа иллаллоҳ” дегандан сўнг ўлдирдингми?”дедилар. Усома: “У буни қиличдан сақланиш учун айтди”, деди. Шунда У зот: “Унинг қалбини ёриб кўрдингми?” дедилар.

Яна киши шаҳодат калимасини айтиш билан Аллоҳдан икки нарсага ҳақли бўлади:

1. Дўзахда абадий қолишдан нажот топиш;

2. Жаннатга кириш.

Бунга далил:

Убода ибн Сомит (р.а.) ривоят қилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Ким Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқлигига, У ёлғиз Ўзи экани ва Унинг шериги йўқлигига, Муҳаммад Унинг бандаси ва расули эканига, Исо Аллоҳнинг бандаси ва расули эканига, Марямга ташлаган калимаси ва Ундан бўлган руҳ эканига, жаннат ва дўзахнинг ҳақлигига гувоҳлик берса, Аллоҳ унинг амали қандай бўлишидан қатъий назар жаннатга киритади” (Муттафақун алайҳ).

Абу Зарр (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг олдиларига келдим. У киши: “Қайси банда “Ла илаҳа иллаллоҳ”, деса, сўнг ўшанда ўлса, албатта жаннатга киради”, дедилар” (Муттафақун алайҳ).

“Куфр” сўзи шаръий манбалар (насслар)да икки маънода келади. Биринчиси катта куфр бўлиб, у билан инсон диндан чиқади. Иккинчиси эса, кичик куфр бўлиб, инсон у билан диндан чиқмайди. Балки жазога мустаҳиқ бўлади. Масалан, “Ким Аллоҳдан бошқа билан қасам ичса, кофир бўлибди”, “Мусулмоннинг сўкиши фосиқлик, урушиши куфрдир”, “Мендан кейин бир-бирингизнинг бўйнингизга урадиган кофирлар бўлиб кетманглар” ҳадислари шу маънодадир. Бунга далил шуки, саҳобалар бир-бирлари билан урушганларида бир-бирларини кофирга чиқаришмаган. Масалан, Али (р.а.) Жамал, Сиффин урушларида ўзига қарши урушганларни кофир ҳисобламаганлар, балки боғийлар, деб санаганлар.

Катта гуноҳлар имоннинг комиллигига путур етказса-да, уни йўқ қилмайди. Бунга далил:

1. Агар катта гуноҳлар имонни йўқ қилганида унда диндан қайтиш ва катта гуноҳларнинг ҳукмлари бир хил бўлиб қоларди. Шунда ўғирлик, зино каби жиноятларга алоҳида жазо тайинланмасди. Балки диндан қайтганлик (муртад) жазоси бериларди;

2. Қуръонда урушиб турган икки гуруҳ ҳам мўминлар деб аталган: “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз!(Ҳужурот, 9). Агар ҳадиси шарифда келганидек “икки мўминнинг урушиши куфр” бўлганда, Аллоҳ таоло уларни “мўминлар” деб сифатламаган бўлар эди;

3. Расулуллоҳ (с.а.в.) айтганлар: “Икки мусулмон қиличлари билан юзлашса, ўлдирган ҳам, ўлдирилган ҳам дўзахдадир”. Шу ҳадисни Имом Бухорий гуноҳлар эгасини кофирга чиқармаслигига далил қилган. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) уларнинг дўзахга тушишини айтган бўлсалар ҳам, уларни мусулмон деб атадилар.

Маълумки, Аллоҳ таоло ўз Каломида ширкдан бошқа гуноҳларни кечиришини таъкидлаган. Жумладан, “Нисо” сураси 48-оятда: “Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гуноҳлар)ни Ўзи хоҳлаган (банда)ларидан кечирур”, деб марҳмат қилган.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозимки, бугунги кунда ислом оламида маълум бўлган, мусулмонлар эргашиб келаётган мазҳабларнинг барчаси, жумладан, бу аҳли сунна ва-л-жамоадаги тўрт фиқҳий мазҳаб ёки ашъария, мотуридия, жаъфария, зайдия, ибодия каби ақидавий мазҳаблар бўладими фарқи йўқ, булрарнинг барчаси ислом ҳукмидадир. Чунки мазкур мазҳаб вакиллари Қуръони каримда келтирилган (Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига ва охират кунига) ҳамда суннатда зикр қилинган қадарга имон келтирганлар ва яна исломнинг амалий арконлари бўлмиш – икки шаҳодат калимаси, намоз, закот, рўза ва ҳажни эътироф этадилар.

Кенг қамровли қоидалар, қатъий далилларни баён қилганимиздан сўнг икки кўзи бор ҳар кишига такфирда ҳаддидан ошган “биродарларимиз” йўл қўйган улкан хато, катта хатар маълум бўлади. Улар шахслар ва жамиятларни биратўла кофирга чиқара бошлашди. Ўзларининг қарашларига мос келмайдиган шариат далилларидан юз ўгирдилар. Таъвилда ўзбошимчалик қилдилар. Далилмас нарсани далил қилдилар. Ўзларига мувофиқ бўлмаган умматнинг олдинги ва кейинги олимларини, имомларини хатокорга чиқардилар. Ўзларини имомлик, мутлақ мужтаҳидлик даражасига етганларини даъво қилдилар. Ўзларини умматнинг олдингиларию кейингилари иттифоқ қилган ишларга хилоф қилишга ҳақли деб билдилар. Бу, Аллоҳ сақласин, ҳалокатга олиб борувчи  ўзига бино қўйиш (ужб), алданиш, зарар етказувчи чуқур кетишдир. Бунинг манбаи Аллоҳ таолони, одамларни, қолаверса, ўзни билмасликдир. Саҳиҳ ҳадисда бундай дейилган: “Чуқур кетишдан узоқ бўлинг, сизлардан олдингиларни чуқур кетиш ҳалок қилган”. Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.): “Чуқур кетувчилар ҳалок бўлди”, деб уч марта айтганлар.

Шунинг учун, олдинги (салаф) олимлар хаворижларни улар қоралаб саҳиҳ ҳадислар келган бўлса-да, кофирга чиқаришда ихтилоф қилганлар. Али розияллоҳу анҳу ҳам уларни кофир демаганлари, уларга қарши биринчи бўлиб жанг бошламаганлари маълум. У кишидан: “Улар кофирларми?” деб сўралганида, у киши: “Куфрдан қочишди”, деганлар. Шунинг учун, улар ўз ғояларида адашган, чуқурга кетган бўлсалар-да, уларни биродар дейишдан қайтмаганлар. Мен аниқ ишонаманки, уларнинг кўпчилиги ёзганларимни инсоф ва ҳақ талабида ихлос билан, мутаасибликдан холи ўқишса, такфирдаги фикрларидан қайтишади.

Хулоса қилиб Имом Шавконийнинг қуйидаги сўзларини келтириб ўтамиз: “Билгинки, Аллоҳ ва охират кунига имон келтирган мусулмон киши ёруғ кундаги Қуёш каби аниқ далили бўлмай туриб бошқа бир мусулмон кишини кофир санаб, исломдан чиққан деб ҳукм қилишга ҳаққи йўқ. Чунки, саҳиҳ ҳадисларда: “Кимки бир биродарига кофирсан деса, унинг ўзи кофир бўлибди”, деб бу ишнинг оғир гуноҳ ҳамда оқибати хатарли экани таъкидланган”.