Кўриниш

A
A
A

Шрифт ўлчами

0% га катталаштириш



Қўмита низоми


Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тўғрисида
НИЗОМ
I. Умумий қоидалар

1. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита (кейинги ўринларда матнда Қўмита деб аталади) ҳар бир шахснинг виждон ва диний эътиқод эркинлиги ҳуқуқи, фуқароларнинг динга бўлган муносабатидан қатъи назар тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги вазифаларни ҳал этиш ваколати берилган давлат бошқаруви органи ҳисобланади.
Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисоб беради.
2. Қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек мазкур Низомга амал қилади.
3. Қўмита ўз фаолиятини давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, жамоат бирлашмалари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликда амалга оширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
4. Қўмита фаолиятини молиялаштириш Қўмитага бюджетдан ажратиладиган маблағлар доирасида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
(4-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 26 апрелдаги 122-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2016 й., 17-сон, 176-модда)
5. Қўмита юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
II. Қўмитанинг вазифалари ва функциялари
6. Қуйидагилар Қўмитанинг асосий вазифалари ҳисобланади:
маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ диний масалаларни ҳал қилишда ягона сиёсатни амалга ошириш;
давлат органларининг республика ҳудудида жойлашган диний ташкилотлар билан ўзаро алоқаси ва ҳамкорлигини таъминлаш;
давлат сиёсатида қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган диний ташкилотлар манфаатларини акс эттириш.
7. Қўмита унга юкланган вазифаларни бажариш учун қуйидаги функцияларни амалга оширади:
давлат органларининг диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатларини мувофиқлаштиради ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг ижроси устидан назоратни амалга оширади;
диний ташкилотлар, шунингдек хорижий диний ташкилотлар билан ўзаро муносабатларга доир диний масалалар бўйича ишларни олиб боради;
диний ташкилотлар илтимосига кўра уларнинг давлат органлари билан ўзаро алоқаларига кўмаклашади ва ҳал этилиши талаб қилинадиган масалалар бўйича зарур ёрдам кўрсатади;
диний ташкилотлар ва уларнинг аъзолари ўртасида ўзаро бир-бирини тушунишни ва сабр-тоқатлиликни мустаҳкамлаш сиёсатини ўтказади, ушбу борада ташкилотчилик ишларини амалга оширади;
Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг топшириғига кўра виждон эркинлигига ва диний ташкилотлар фаолиятига тааллуқли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда қатнашади;
диний таълим муассасалари фаолияти белгиланган тартибда лицензияланиши, лицензиатлар томонидан лицензия талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назоратни ташкил қилади, лицензиялар реестрини юритади;
республика доирасида ва чет элларда диний ташкилотлар ўртасида алоқалар ўрнатилишини ташкил қилади;
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг мамлакат ташқарисидаги муқаддас жойларга боришини, шу жумладан Ҳаж ва Умра зиёратини амалга оширишини, фуқароларни диний ўқув юртларида таълим олиш, малака ошириш ва тажриба алмашиш учун чет элларга юборишни, хорижий фуқароларни ўқишга қабул қилишни, халқаро анжуманлар ўтказилишини ташкил қилади;
диний ташкилотлар ва Ўзбекистон Республикасида диний адабиётлар нашр қилувчи нашриётлар тўғрисидаги ахборотларни йиғишни таъминлайди;
республикада чиқариладиган ёки чет эллардан келтириладиган диний тусдаги маҳсулотларни (матбуот ва электрон нашрларни, аудио, видео кассеталарни, СD, DVD ва бошқа дискларни) экспертизадан ўтказади ва мазкур фаолиятни мувофиқлаштиради.
8. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита ҳал қилади.
9. Республикада жойлашган диний ташкилотлар билан мустаҳкам ўзаро ҳамкорлик қилиш, турли диний конфессиялар фаолияти амалга оширилишида ёрдам кўрсатиш, жамиятда динлараро ва миллатлараро тинчлик ва тотувликни таъминлаш юзасидан таклифлар ва чора-тадбирларни биргаликда ишлаб чиқиш, конфессиялараро мулоқот маданиятини ривожлантириш учун Қўмита ҳузурида Конфессиялар ишлари жамоатчилик кенгаши ташкил этилади, унинг таркибига республикадаги кўп сонли диний конфессиялар етакчилари киради.
Конфессиялар ишлари кенгаши фаолияти ташкил этилишини таъминлаш учун 3 кишидан иборат доимий ишловчи Кенгаш котибияти ташкил этилган.
III. Қўмитанинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги
10. Қўмита ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:
вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралардан, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан «Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида»ги Қонуннинг ҳамда динга тааллуқли бошқа қонун ҳужжатларининг ижроси масалаларига доир маълумотлар ва материалларини сўраш ва олиш;
ўз ваколатлари доирасида диний ташкилотларнинг, шу жумладан диний ўқув юртларининг фаолиятини, уларнинг ўқув жараёни ва дастурларини, ўқув-тарбиявий ишларини, фанлар бўйича ўқув режаларини, диний мавзудаги илмий-тадқиқот ишларини мувофиқлаштириш, уларга ушбу фаолиятни амалга оширишда ташкилий, ҳуқуқий, методик ёрдам кўрсатиш;
диний ташкилотлар раҳбарларидан зарур ахборотларни белгиланган тартибда талаб қилиш, шунингдек улар томонидан ўтказиладиган уларнинг ўз фаолияти билан боғлиқ тадбирларда қатнашиш.
Қўмита Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
11. Қўмита ўз ваколатлари доирасида белгиланган тартибда вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари бажариши мажбурий бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилишга ҳақлидир.
Қўмита, зарур ҳолларда, бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар билан биргаликда қўшма қарорлар ҳамда бошқа ҳужжатлар чиқаришга ҳақлидир.
12. Қўмита ўзига юкланган вазифаларнинг самарали бажарилиши учун жавоб беради.
IV. Қўмита фаолиятини ташкил этиш
Олдинги таҳрирга қаранг.
13. Қўмитага Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган раис бошчилик қилади.
(13-банднинг биринчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 июндаги 108-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 23-сон, 183-модда)
Олдинги таҳрирга қаранг.
Раиснинг бир нафар ўринбосари бўлади белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган.
(13-банднинг иккинчи хатбоши Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 июндаги 108-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 23-сон, 183-модда)
Раис мақомига кўра Ўзбекистон Республикаси вазирининг биринчи ўринбосарига, унинг ўринбосари эса — тегишли равишда вазир ўринбосарига тенглаштирилади.
14. Раис:
Қўмита фаолиятига умумий раҳбарликни амалга оширади ва Қўмитага юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
ўз ўринбосари ваколатларини белгилайди, Қўмита тизимининг бошқа мансабдор шахслари ваколатларини белгилайди;
Қўмита тузилмасига ўзгартиришлар киритади, ходимларнинг белгиланган чекланган умумий сони доирасида штат жадвалини, шунингдек харажатлар сметасини тасдиқлайди;
Қўмита ходимларини лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.
Раис қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
15. Қўмитада раис (ҳайъат раиси), унинг ўринбосари (лавозимига кўра), шунингдек Қўмита фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда ҳайъат ташкил этилади.
Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Қўмита раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:
Қўмита фаолиятининг ҳар бир кишининг виждон эркинлиги ва диний эътиқодга бўлган ҳуқуқларини, фуқароларнинг динга муносабатидан қатъи назар, тенглигини таъминлашни давом эттириш, шунингдек диний ташкилотлар фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш бўйича ушбу Низомда белгиланган асосий йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита номенклатурасига кирадиган лавозимларга кадрларни танлаш, жой-жойига қўйиш, тайёрлаш ва қайта тайёрлаш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва фармойишларида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича ижро интизомини мустаҳкамлаш, уларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлаш учун Қўмита раҳбарлари ва ходимларининг шахсий жавобгарлигини ошириш.
Ҳайъат Қўмита ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.
Ҳайъат мажлисига Қўмита ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.
Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Ҳайъат қарорлари Қўмита қарорлари ва раиснинг буйруқлари билан амалга оширилади. Раис ва ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда раис пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.
Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.
(15-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 5 июндаги 108-сонли қарори таҳририда — ЎР ҚҲТ, 2010 й., 23-сон, 183-модда)
16. Қўмитани қайта ташкил этиш ва тугатиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.


Diniy ekstremizmga qarshimiz

Davlat dasturlari