Шу кунларда Интернет тармоғида АҚШ Давлат департаменти эълон қилган баёнотда дунёнинг 10 мамлакати, шу жумладан Ўзбекистон ҳам “виждон эркинлиги ва диний эркинликлар соҳасида бузилишлар алоҳида ташвишга сабаб бўлаётган давлатлар” рўйхатига киритилгани ҳақида маълумот берилди.

Таъкидлаш лозимки, мазкур рўйхатни шакллантиришга масъул мутасаддилар томонидан Ўзбекистонда фаолият юритаётган 16 та диний конфессияга мансуб ташкилотларга, шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита, Тошкент ислом университети, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази каби диний соҳада фаолият юритаётган ташкилотларга маълумот учун мурожааат қилинмаган. Америкалик мутахассислар ҳисобот тайёрлашда мавҳум манбаларга таяниши сабабли Ўзбекистондаги диний вазиятга нисбатан асоссиз ва ҳақиқатдан йироқ хулосага келингани ачинарли ҳолдир.

Шу билан бирга АҚШнинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузини эътироф этиш билан бир қаторда Давлат департаментининг муайян масала юзасидан эълон қиладиган баёнотини “баҳслашиб бўлмайдиган мутлақ ҳақиқат” эмас, балки ушбу ташкилотнинг турли давлатларнинг ижтимоий кўрсаткичларини ўз имкониятлари ва қарашлари доирасида ўрганиш орқали ҳосил қилинган субъектив хулосаси сифатида қабул қилиш лозим.

Бинобарин, жаҳон бўйлаб шу каби ижтимоий кўрсаткичларни ўрганувчи сиёсий институтлар ёки тадқиқот марказларининг фаолиятини таҳлил қилсак, улар ўз тадқиқотларида эътибор қаратадиган кўрсаткичлар ва фойдаланиладиган ахборот манбалари турли-туман эканига гувоҳ бўламиз. Бирор бир мамлакатдаги ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ёки диний соҳадаги вазиятга баҳо беришда мазкур жараённи ушбу жамиятнинг ичида ўз бошидан кечирмай туриб, ҳудудда тарихан шаклланиб келган қадрият, урф-одат ва ўзига хосликни ҳисобга олмай туриб, масаланинг барча жиҳатларини тўлиқ қамраб олиш ва мукаммалликка эришиш мумкин эмас.

Бир сўз билан айтганда, муайян давлатда кечаётган жараёнларга, уларнинг мазмун-моҳиятига, қандай соҳага тааллуқли бўлишидан қатъий назар, ушбу мамлакатнинг ўз халқидан ўзга одил, холис ва ҳар томонлама тўлиқ баҳо берувчи томон бўлмайди.

Тарихдан маълумки, Ўзбекистоннинг тарихий ҳудуди турли дин ва миллат вакиллари тинч-тотув, аҳил ва бир оила бўлиб яшаб келган замин ҳисобланади. Асрлар оша ушбу ҳудудда тарқалган турфа динга мансуб инсонлар эмин-эркин эътиқодий амалларини бажариб келган.

Дунё тарихида Шарқ Уйғониш даври – Мусулмон Ренессанси деб ном олган ўрта асрлар ва ундан кейинги замонларда бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирларнинг жаҳон илм-фани ва маданияти, муқаддас ислом дини ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси дунё илмий жамоатчилиги томонидан ҳақли равишда тан олинган.

Мустақилликнинг илк давридан Ватанимиздаги умуминсоний, миллий ва диний қадриятлар ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Диний соҳа ўзбек халқи миллий маънавиятининг муҳим қисми сифатида эътироф этилиб, унинг ҳуқуқий давлат, фуқаролик жамиятида тутган ўрни ва мавқеи аниқ белгиланди. Диний соҳада мустаҳкам қонунчилик пойдевори яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 61-моддасида «Диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган ҳамда қонун олдида тенгдирлар» деган демократик тамойил мустаҳкамлаб қўйилган. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатлангани таъкидланган.

Бугунги кунда республикамизда 16 диний конфессияга мансуб 2243 та диний ташкилотлар эмин-эркин фаолият олиб бориб, диний расм-русум ва маросимларни мукаммал амалга ошириб келмоқдалар.

Сўнггги йилларда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенглик ғояларини чуқур сингдириш, диний ва миллий қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилганига барчамиз гувоҳ бўлдик.

Жумладан, 2017 йилда диний-маърифий соҳани янада ривожлантириш, миллий-маънавий меросимиз ва қадриятларимизни янада юксалтиришга, юртимиздан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни миллатлар ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинч-тотув ҳаётни қадрлаш ва мустаҳкамлаш руҳида тарбиялаш, халқаро миқёсдаги маънавий-маърифий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган фармон, қарор ва фармойишлар қабул қилиниб, ижрога киритилди.  

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуслари асосида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Ислом академияси, “Мир Араб” Олий мадрасаси, ақида, фиқҳ, калом, ҳадис ва тасаввуф илмий мактаблари фаолияти йўлга қўйилди.

Шунингдек, Тошкент ислом университети ҳузурида АЙСЕСКО – Таълим, илм-фан ва маданият бўйича Ислом ҳамкорлик ташкилотининг махсус кафедраси, Бухоро ва Термиз давлат университетларида эса “Ислом тарихи” ва “Манбашунослик” йўналишлари очилди. Барча диний таълим муассасаларида Қуръон курслари ташкил этилди.

Ўтган йилда фуқароларнинг диний адабиётларга бўлган эҳтиёжини қондириш  учун 1,5 миллиондан зиёд ададда китоблар чоп этилди. Миллий доменда 50 дан зиёд диний-маърифий сайтлар фаолияти йўлга қўйилди. Тажрибали уламолар томонидан онлайн тарзда савол-жавоблар ва диний ўқув машғулотлари ўтказиш жорий этилди.

Мазкур қарор, фармойиш ва меъёрий ҳужжатларда белгилаб берилган вазифалардан кўзланган мақсад буюк аждодларимизнинг бой маънавий-илмий меросини ўрганиш, уларнинг асарларида акс этган инсонпарварлик, бунёдкорлик, бағрикенглик ва эзгулик ғояларини аҳоли, айниқса ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш, ҳар томонлама етук, билимли, бугунги куннинг чақириқларига жавоб бера оладиган диний соҳа ходимларини тайёрлаш ва шу орқали юртимизда диний-маърифий соҳанинг ривожини таъминлаш, мамлакатимиз барқарорлигини мустаҳкамлаш, буюк аждодларимизнинг турли соҳалардаги бебаҳо илмий ва маънавий хазинасидан жаҳон ҳамжамиятини  баҳраманд қилишга қаратилган.

Президентимиз юртимизнинг қай бир ҳудудига ташриф буюрмасин, ўша заминдан етишиб чиққан буюк алломалар, мутафаккир ва давлат арбобларининг руҳини шод этиш, уларнинг беназир маънавий меросини ўрганишга катта эътибор қаратиши эзгу анъанага айланди.

Хусусан, Юртбошимиз ташаббуси билан Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида буюк муҳаддис Абу Исо Термизий мангу қўним топган мақбарада кенг кўламли ободонлаштириш ва реконструкция ишлари олиб борилиб, муҳташам зиёратгоҳ барпо этилди. Бу каби савобли ва хайрли ишлар Қашқадарё вилоятининг Қарши туманидаги “Абу Муин Насафий”, Наманган вилояти Чортоқ туманидаги “Султон Увайс Қораний”, Тошкент шаҳридаги “Сузук ота” зиёратгоҳлари ва бошқа кўплаб шу каби муқаддас масканларда олиб борилмоқда. 

2017 йилда республикамизда кўплаб янги масжидлар очилди ҳамда фаолият юритаётганлари тўлиқ таъмирдан чиқарилди. Сурхондарё вилоятидаги “Қадимий Дарбанд”, “Оқ масжид”, Жиззах вилоятидаги “Маърифатли”, Нукус шаҳридаги “Имом эшон Муҳаммад”, Тошкент шаҳридаги “Пул емас ота”, “Яккасарой”, Тошкент вилоятидаги “Ўсмат ота”, “Пусур оқсоқол”, “Усмон Зиннурайн”, “Халқобод”, Хоразм вилоятидаги “Шайх Шароф бобо” ва бошқа ўнлаб масжидлар шулар жумласидандир.

Маълумки, қариялари қадрланган юрт фаровон бўлади. 2017 йилда республикамиздаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларининг давлат ҳисобидан ҳаж ибодатини адо қилиш учун юборилишлари фахрийлар ва уларнинг оила аъзоларида чексиз қувонч ва фахр туйғуларини уйғотди. Шу вақтга қадар бирор мамлакат тажрибасида бўлмаган мазкур савобли иш ҳаж вақтида мусулмон жаҳон ҳамжамияти учун ҳақиқий сенсация бўлгани ҳорижий мусулмонлар томонидан эътироф этилди.

2017 йилнинг 15 июнь куни Президентимиз диний соҳа вакиллари ва кенг жамоатчилик иштирокида “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида ўтказилган анжуманда бугунги мураккаб замонда аҳолимизни, айниқса ёшларимизни турли ёт ғояларнинг таъсиридан асраш, жамиятда диний ва миллий бағрикенгликни янада мустаҳкамлаш, бу борадаги ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар юзасидан ўз тавсияларини берди.

Аҳолини диний экстремистик ғоялар таъсиридан асраш, уларда инсонпарварлик ва бунёдкорлик тамойилларига асосланган соф исломий қадриятларни шакллантириш, турли сабабларга кўра бузғунчи гуруҳларнинг сохта ғояларига алданиб қолган шахсларни соғлом ижтимоий ҳаётга қайтариш борасидаги ишлар тубдан такомиллаштирилди.

Мазкур йўналишда ижтимоий институтлар, хусусан, фуқароларнинг ўз-ўзини бошқариш органлари, имом-хатиблар, педагоглар, кўпни кўрган оқсоқолларнинг фаолияти тахсинга сазовордир. Амалга оширилган тарбиявий ва тушунтириш ишлари асосида муқаддас динимизнинг соф таълимотларига ёт бўлган турли оқим ва гуруҳлар сафига адашиб қўшилиб қолган, ўз қилмишидан астойдил пушаймон бўлган 16 мингдан зиёд шахс ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг махсус рўйхатидан чиқарилиб, соғлом ижтимоий ҳаётга қайтарилди. Ушбу жараён фуқароларимиз томонидан катта мамнуният билан қабул қилинди.

Конституция куни муносабати билан Давлатимиз Раҳбари томонидан авф этилганлар қаторида диний-экстремистик оқимларга адашиб қўшилиб қолганларнинг ҳам киритилиши ўзбекона бағрикенглик, инсонпарварлик ва адолатпарварликнинг нишонаси бўлиб, уларни тўғри йўлга солиш, Ватанига, ота-онаси, оиласи бағрига қайтариш, тинч ҳаёт кечиришни ният қилган бундай фуқароларимизга имкон бериш каби эзгу мақсадларга қаратилган.

“Ўз болангни ўзинг асра” деган тамойил асосида ўсиб келаётган авлодни илм ва ҳунар эгаллашга чорлаш, уларни мутаассиб ғоялардан ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилиб, мазкур жараёнга кенг жамоатчилик жалб этилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон диний экстремизм ва терроризм таҳдидлари ва зарарларини бошидан кечирган мамлакат ҳисобланади. Юртимизда ушбу иллатларга қарши курашиш, унинг сабабларини олдини олиш бўйича жаҳон ҳамжамиятига намуна бўла оладиган даражада ўзига хос тажриба шаклланган. Шу нуқтаи-назардан, муҳтарам Президентимиз БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқида халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этиши, шу муносабат билан одамлар, биринчи навбатда, ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа эканига эътибор қаратдилар.

Давлатимиз Раҳбарининг икки умумбашарий аҳамиятга эга, яъни ёшларга оид сиёсатни шакллантириш ва амалга оширишга қаратилган халқаро ҳуқуқий ҳужжат - БМТнинг “Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенция”сини ишлаб чиқиш ҳамда БМТ Бош Ассамблеясининг «Маърифат ва диний бағрикенглик» номли махсус резолюциясини қабул қилиш ҳақидаги таклифлари барча мамлакатлар томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди ва қўллаб-қувватланди.

2017 йилнинг 15 октябрь куни Тошкент шаҳрида ташкил этилган “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуида ташкил этилган халқаро конференция айнан жаҳон ҳамжамиятида маърифат ва диний бағрикенглик ғояларини тарғиб қилишда дунё уламоларини бирлаштиришга хизмат қилди.

Айни вақтда, 2017 йилда республикамиздаги ноисломий диний ташкилотлар ўз фаолиятларини эмин-эркин амалга ошириб, жамиятнинг ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этиб келдилар. Ушбу йўналишлардаги турли диний байрамлар кенг нишонланди. Хусусан, ўтган йили христианликнинг протестант йўналишидаги диндорлар учун муҳим сана ҳисобланган Реформациянинг 500 йиллиги муносабати билан республикамизда ташкил этилган тантанада турли диний конфессия вакиллари, халқаро ва хорижий диний ташкилотлар, дипломатик корпус вакиллари иштирок этдилар.

Бу каби тадбирлар Ўзбекистон Библия жамияти томонидан Инжилнинг ўзбек тилига тўлиқ таржимаси амалга оширилиши, шунингдек, Бахоийлик жамияти томонидан ушбу диний йўналиш асосчисининг 200 йиллиги муносабати билан байрамона ва кўтаринки руҳда ташкил этилди.

2017 йилнинг сентябрь-октябрь ойларида Москва ва бутун Русь Патриархи Кириллнинг Ўзбекистонга ташрифи республикамизда олий даражада ташкил этилгани барча православ динига эътиқод қилувчилар томонидан чуқур мамнуният ва миннатдорчилик билан қабул қилинди.  

Христиан ва яҳудий динларига мансуб фуқароларимиз Россия, Исроил, Греция каби мамлакатларда жойлашган муқаддас қадамжоларга зиёратга бориб келдилар.

Шу ўринда ўтган йил давомида турли халқаро ташкилотлар ва хорижий мамлакатлардан келган раҳбар ва мутахассисларнинг республикамизда фуқароларнинг диний ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, жамиятда диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш борасида сўнгги вақтда амалга оширилаётган ишларни ижобий баҳолаганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Улар қаторида БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад Хусайн,  БМТнинг эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид, “Хьюман Райтс Вотч” халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Вильямс ва ташкилотнинг минтақавий вакили Стив Свердлоу, ЕХҲТ инсон ҳуқуқлари бўйича департаменти раҳбари О.Фишер ва гендер масалалари бўйича бўлим бошлиғи Т.Куккамаа-Бах, АҚШ диний эркинликлар бўйича комиссияси раиси Д.Марк, Москва ва бутун Русь Патриархи Кириллни қайд этиш мумкин.

Фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний амалларини бажаришларига янада кенг ва қулай шароитлар яратиш, мазкур соҳадаги ҳуқуқий заминни мустаҳкамлаш, халқимиз, айниқса, ёшларимизни азалий миллий ва диний қадриятларимиз асосида баркамол этиб тарбиялаш, уларни ҳозирги таҳликали даврда турли сохта ва мутассиб ғоялардан авайлаб-асрашга қаратилган ишларимизнинг натижадорлигини ошириш каби муҳим вазифаларни бажариш жамиятимиз келажаги учун ўзини даҳлдор ҳисоблайдиган барчамизнинг маъсулиятимиз ҳисобланади.

Ушбу йўлда бизни мураккаб синовлар кутаётгани, шу билан бирга, уларни енгиб ўтишга кучимиз, билимимиз ва тажрибамиз етишини теран ҳис этмоқдамиз.

Бир сўз билан айтганда, сўнгги йилларда мамлакатимизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётида бўлгани каби диний соҳада ҳам эришилган ютуқ ва натижаларимиз одил халқимиз томонидан холисона эътироф этилиб, қўллаб-қувватлаб келинмоқда. Буларнинг барчаси ёшлари етук, халқи фаровон, ўз куч-қудрати ва мустаҳкам марраларига эга мустақил Ўзбекистоннинг порлоқ келажагидан нишона деб қатъий ишонч билан айтишга мустаҳкам асосдир. 

Ўткир Хасанбоев,

Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари