Жорий йилнинг 1 декабрь куни Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг “Ҳаж ҳақида” фатвоси эълон қилинди. Фатвода ислом динининг бешинчи фарзи ҳисобланган Ҳаж зиёрати тўғрисида сўз юритилган.

Мамлакатимиз ва хорижий интернет сайтларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан чиқарилган фатво чоп этилиб, кенг бахс-мунозараларга сабаб бўлди.

Хусусан, Ўзбекистондаги “1news.uz”, “daryo.uz”, “nuz.uz”, “podrobno.uz”, шунингдек, хорижий “islam.ru”, “centralasian.org” интернет сайтларида ушбу масалага фикр билдирилмоқда.

Айрим сайтларда “Ўзбекистонда ҳаж сафарига чиқишни истовчилар учун талаблар қаттиқлаштирилди” маъносидаги шарҳ берилмоқда. Шунингдек,  “эндиликда Ҳажга боришни истаганлар... маҳаллада ёшлар диний таълими бўйича кўмак бериши лозим” – деб даъво қилинмоқда. (daryo.uz)

Таъкидлаш жоизки, Фатвода мусулмонларнинг ҳажга боришлари учун ҳеч қандай қўшимча “қаттиқ” чоралар белгиланмаган. Фатвода қайд этилган тавсиялар ҳожиларнинг ҳалоллик ва покликда, маънавият ва маърифатда, савоб ишларда намуна бўлишларига қаратилган бўлиб, ушбу тавсиялар ислом шариати талаблари, қолаверса, ўзбек халқининг асрлар оша шаклланган миллий қадриятларига асосланади.

Шунингдек, Фатвода ҳаж сафарига бориш учун талабгорлар ёшларга “диний таълим бўйича кўмак бериши” эмас, балки ёшлар тарбиясида, уларнинг турли жиноятларга қўл урмасликлари учун жонкуяр бўлишлари тавсия қилинган.

Дин ишлари бўйича қўмита

Масжидлар бўлими  ходими М.Юлдашев