Минг афсуски, ХХI аср инсоният учун оғир синовлар билан бошланди. Гўёки, Ислом динига дахлдор бўлган бир гуруҳ кимсалар томонидан амалга оширилган хуружлар оқибатида бир неча минг бегуноҳ инсонлар даҳшатли тарзда бевақт оламдан кўз юммоқда. Заминимизнинг турли ерларида хунрезликлар муқаддас Ислом динимиз номидан ҳамон давом эттирилмоқда.
Зотан бирорта ҳам ҳақиқий иймонли киши, қайси диндалигидан қатъий назар, ўз ақидаси йўлида бегуноҳ одамларни ўлдирмайди.

Инсонларни ноҳақ ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланади ва ана шу гуноҳкор дўзахнинг даҳшатли азобларига мангу дучор бўлади. Парвардигорининг берадиган жазоси ва азобларидан қўрқувчи чин иймон эгалари бундай ёвузликка ҳар қандай ҳолатда ҳам қўл урмайдилар. Моҳиятига кўра, гуноҳсиз одамларга нисбатан гўёки «дин йўлида» амалга оширилган ҳар қандай зўравонлик ва зулм илоҳий дин устидан зулм ҳисобланади.

Аллоҳ таоло иймон эгаларига севги, раҳм-шафқат ва тинчлик-осойишталикни буюради. Террор эса иймоннинг тамомила аксидир. У ўз олдига бераҳмлик, шафқатсизлик, зулм, қотиллик ва азоб-кулфатларни мақсад қилиб қўяди. Умумлашган тушунчада «террор» дегани у ёки бу кўринишда сиёсий мақсадларга эришиш учун ҳарбий бўлмаган объектларга, тинч аҳолига қарши куч ишлатишдир. Бошқача айтганда, ҳеч бир гуноҳсиз кишилар террорнинг нишони бўлишади. Террорчилар наздида ана шу одамларнинг бирдан-бир айби уларнинг «бошқа томонда» бўлганларидир. Демак, террор бегуноҳ одамларга қарши зўравонликни англатади, уни маънавий жиҳатдан ҳеч қачон оқлаб бўлмайди.

Исломнинг бош манбаси бўлмиш Қуръони каримнинг ахлоқий асоси оқибат, раҳм-шафқат, меҳрибонлик, камтарлик, ҳавойи нафсдан воз кечиш, ҳурмат ва тинчликка асосланган. Ана шу илоҳий кўрсатмаларга амал қилувчи мусулмонлар ҳамиша фавқулодда юмшоқ феълли, раҳм-шафқатли, адолатпарвар ва софдил бўладилар.

Зеро, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк неъматларидан биридир. Барча эзгу ишларни рўёбга чиқишининг асоси ҳам осойишталикдир. Қуръони каримнинг юздан ортиқ оятларида тинчликка чақирилган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Аллоҳ ризосини топишга интилганларни Қуръон билан тинчлик ва саломатлик йўлларига йўллаб, Ўз изни билан уларни зулматлардан нурга чиқарур ва тўғри йўлга ҳидоят қилур” (Моида, 16).

Ҳар бир инсон учун тинчлик зарурлиги борасида Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар:

“Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан” (Имом Бухорий ривояти).

Ҳаётнинг бир маромда давом этиши, Ҳақ таоло буюрган вазифаларни мукаммал ва хотиржам адо этиш учун тинчлик зарур. Яратган Парвардигор ана шу тинчликни қадрлаш вазифасини инсон зиммасига юклаб, шайтоний йўлларга эргашмасликка амр этади:

 “Эй имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз ва шайтоннинг изидан эргашмангиз! Албатта, у сизларга аниқ душмандир”.

Тинчлик қарор топган юртдагина осудалик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, мўмин-мусулмонларимиз ибодатларини хотиржам адо этадилар.

Ислом таълимоти одамлар ҳаёти ва ҳурфикрлилигини ҳимоя қилади, мусулмонларга бошқа кишига нисбатан ёмон гап айтишни, ғийбат ва туҳмат қилишни, ҳатто нохолис фикрга боришни таъқиқлайди, одамлар ўртасида адоват ва ихтилофларни тўхтатишга буюради. Ислом жисмоний зўравонлик ва ваҳшийликнинг барча кўринишларини ҳам, одамларга нисбатан заррача бўлсада ғоявий босим ўтказишни ҳам бирдай маън этади: «Динга зўрлаб (киритиш) йўқдир. (Зеро) ҳақ йўл залолатдан ажраб бўлди» (Бақара, 256)

«Бас (эй Муҳаммад), сиз панд-насиҳат қилинг! Зотан сиз фақат панд-насиҳат қилгувчидирсиз, холос» (Ғошия, 21).

Ҳадиси шарифда марҳамат қилинади: Ибн Аббос р.а. Каъбанинг деворига суяниб туриб шундай дедилар: “Эй, Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг нақадар улуғ. Лекин, агар мен сени етти маротаба бузиб вайрон қилганимда ҳам битта мусулмонга бир марта озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”. 

Бу дунёда ҳар бир мусулмон уларнинг қайси динга мансублигидан қатъий назар, барча одамларга ҳурмат, муроса, авф ва адолат, муҳаббат ва раҳм-шафқат кўрсатишга Аллоҳ таоло ҳузурида масъулдир. Муқаддас динимизда бағрикенгликка далолат қилувчи ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) бундай деб марҳамат қилганлар: “Барча дин аҳлига хайру-эҳсон қилингизлар” (Имом Ибн Абу Шайба ривоят қилган).

Диёримиздан етишиб чиққан алломалар асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятлар тарғиб қилинган ғоялар кўп учрайди. Жумладан, мотуридия ақидавий йўналиши асосчиси Абу Мансур ал Мотуридий (870-944)  Қуръон тафсирига бағишланган “Таъвилот аҳли сунна” асарида Ҳаж сурасининг 40-оятини тафсир қилар экан, “Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир”, деб қатъий таъкидлайди. Самарқандлик фақиҳ, муфассир Абу Лайс ас-Самарқандий (ваф. 1003 й.) эса ўзининг “Баҳр ал улум” деган тафсир китобида Қуръондаги Мумтаҳана сурасининг 8, 9-оятлари шарҳида “Сизлар билан динда уруш қилмаган ўзга дин вакиллари билан борди-келди қилинг, улар билан адолатли муомала қилинг”, деб ёзади. Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот ан- Насафий (ваф. 1310 й.) ўзининг ислом оламида маълум ва машҳур “Мадорик ат-танзил” асарида мазкур оятларни “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинг ҳамда уларга сўзда ва амалда яхшилик қилинг”,  деб шарҳлайди.

Шайх Аҳмад Яссавий (1105-1166) ҳам  ўз ҳикматларида ғайридинларга яхши   муносабатда бўлишни уқтирган,

“Суннат эрмиш, берма озор кофир бўлса,

Кўнгли қоттиғ дилозордан худо безор”.

Динимиз таълимотига кўра, аҳли китобларни мусулмонлар диёрида турли вазифаларга қўйиш тақиқланмайди. Ўтмишда Бағдод ва Дамашқ мадрасаларида аҳли китоблардан кўплаб мударрислар таҳсил беришган. Ҳатто айрим ислом ҳукмдорларининг хос табиблари ва котиблари насроний ёки яҳудийлардан бўлган.

Жаҳондаги барча динларнинг асл моҳияти тинчлик, жумладан ислом дини инсонларни ирқи, миллати, ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар улар билан тинч-тотув яшашга буюради.

Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинким, ўтган қисқа вақт давомида Қорақалпоғистонда «Имом Эшон Муҳаммад» масжиди, Хоразмда «Охун бобо» масжиди, Тошкентда «Сузук ота», “Имом Термизий ”масжидларини катта мажмуа шаклида бунёд этилаётгани, Сурхондарёда Имом Термизий, Қашқадарёда Абу Муин Насафий мажмуаларининг қайта қурилиши, шунингдек, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси ва Термиз шаҳрида Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази иш бошлагани катта туҳфа бўлди.

Айниқса, Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилгани аждодларимизнинг бой маънавий мероси нафақат юртимизда, бутун ислом оламида кенг ўрганилишига имконият беради.

Ҳазрати Имом мажмуасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ташкил қилинаётгани юртимиз довруғини, бу заминда туғилиб-ўсган алломаларнинг номларини дунёга таратишда беқиёс аҳамият касб этади. Шунингдек, азим пойтахтимизда Ислом академиясининг очилиши ва мамлакатимиз ҳудудларида ақида, калом, фиқҳ, тафсир ва ҳадис мактабларининг ташкил этилиши диёримиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғилоний каби алломалар етишиб чиқишига жуда катта хизмат қилади.

Албатта, мана шундай неъматларнинг бардавом бўлиши Яратган Парвардигорнинг марҳамати ва хотиржамликнинг маҳсулидир. Бунинг учун Яратган Парвардигорга доимо шукроналар айтамиз.

Навоий ҳазратлари ўзларининг “Арбаъин” асарларида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисга гўзал шарҳ берадилар:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким одамларга шукр қилмаса, Аллоҳ азза ва жаллага ҳам шукр қилмабди», дедилар». (Термизий, Аҳмад ва Байҳақийлар ривоят қилган.)

Улки Холиқға шукр дер, аввал

Шокир ўлмоқ керак халойиқдин.

Кимки, махлуқ шукрини демагай,

Демагай дағи шукр Холиқдин.

Холиққа шукр қилгувчи киши аввал халойиққа – одамларга шукр келтириши керак. Ким инсонларнинг шукрини айтмаса, Яратганга ҳам шукр айтмайди. Зеро, шукр билан неъматлар зиёда бўлиб бораверади.

Биз эса халқимизни ислом маърифатига бошлаб, айниқса ёшларимизда ана шу шукроналик ҳиссини қарор топтиришимиз, уларни дунёга муаллим бўлган улуғ аждодларимизнинг барҳаёт илм чашмаларидан янада кўпроқ баҳраманда этишимиз лозим. Бугун юртдошларимиз ҳар бир янги кунни тинчлик-омонлик дея аталмиш бахту саодат оғушида қарши олмоқда. Ушбу сурурли дамлар бардавом бўлмоғи учун тинчлик неъматининг шукронасини қилиб, уни кўз қорачиғидек асрамоғимиз даркор. Зеро, Қуръони каримда ҳам шукр қилганларга неъматларини зиёда қилиб бериши тўғрисида оятлар мавжуд. Акс ҳолда ношукрлик нотинчликка олиб келади.

Анвар қори Турсунов

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби