Кеча Самарқанд шаҳрида БМТ шафелигида “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусида халқаро конференция иш бошлади.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида илгари сурилган ҳамда Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлашга йўналтирилган ташаббусларни амалга ошириш бўйича муҳим амалий қадамлардан бири бўлган мазкур йирик халқаро тадбирда 500 дан ортиқ иштирокчилар, жумладан, Марказий Осиё давлатларининг ташқи сиёсат маҳкамалари раҳбарлари, МДҲ, Европа, Осиё ҳамда Америка давлатларининг нуфузли расмий делегациялари, БМТ, ЕИ, ЕХҲТ, ШҲТ, МДҲ, ЕТТБ каби 10 дан ортиқ халқаро ташкилотлар раҳбарияти, 100 га яқин таниқли халқаро экспертлар ва етакчи хорижий ОАВ ходимлари, шунингдек, Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари қатнашмоқда.

Форумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда осойишталик ҳамда барқарор тараққиётга эришиш йўлида амалга оширилаётган фаол ташқи сиёсат, минтақада хавфсизликни таъминлаш борасидаги муҳим вазифалар ҳақида тўхталиб, қатор долзарб ташаббусларни илгари сурди.

Анжуманда, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг форум иштирокчиларига йўллаган видеомурожаати намойиш этилди. БМТ раҳбари анжуман аҳамияти ҳақида алоҳида тўхталиб, Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш йўлидаги ташаббусларда БМТ тузилмалари фаол иштирок этишини таъкидлади.

Марказий Осиёни осойишталик, барқарор тараққиёт ҳамда яхши қўшничилик ҳудудига айлантириш Юртбошимиз томонидан Ўзбекистон ташқи сиёсатининг устувор йўналиши сифатида белгиланган. Бу 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам ўз ифодасини топган. Чунончи, ушбу дастуриламал ҳужжатда Ўзбекистоннинг ён-атрофида хавфсизлик, барқарорлик, аҳил қўшничилик муҳитини шакллантириш яқин истиқболдаги устувор вазифа сифатида мустаҳкамланган. Тинч-осойишта, иқтисодий жиҳатдан тараққий топган Марказий Осиё — Ўзбекистон интиладиган энг муҳим мақсад ва асосий вазифадир.

Марказий Осиё мамлакатлари жуғрофий ҳамда геосиёсий жиҳатдан бир-бирига яқин бўлиб қолмасдан, балки ягона маданият ва цивилизация макони ҳамдир. Бу ерда исти-қомат қилувчи халқларни умумий маънавий-ахлоқий қадриятлар, муштарак анъана ва урф-одатлар, ягона тарих боғлаб туради. Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган минтақа минг йиллар давомида дунё маданиятлари, тиллари ҳамда динлари мулоқотига замин бўлган.

Ўзбекистон бугун яқин қўшничилик, дўстлик тамойилларига таянган ҳолда фаол ва прагматик сиёсат олиб бормоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси туфайли минтақа мамлакатлари билан сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорлик алоқалари жадал суръатларда ривожланиб бораяпти.

Юртбошимизнинг қўшни мамлакатларга амалга оширган давлат ва амалий ташрифлари давомида, шунингдек, турли халқаро саммитлар доирасида қўшни мамлакатлар раҳбарлари билан мунтазам равишда ўтказиб келаётган мулоқотлари самараси ўлароқ, ўтган қисқа вақт мобайнида Марказий Осиёда принципиал жиҳатдан мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди. Стратегик шерик давлатлар сафи кенгайди.

Ўзбекистон минтақа мамлакатлари билан энг нозик масалалар ечимида, айниқса, давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш борасида прагматик ёндашиб, тарихий келишувларга эришмоқда. Мисол учун, ўзбек-қирғиз давлат чегарасининг қарийб 85 фоизи бўйича шартнома имзоланди. Президентимиз таъбири билан айтганда, томонлар ўз сиёсий иродасини, ўзаро мақбул қарорлар қабул қилишга тайёрлигини намоён этгани боис узоқ муддат давомида биринчи марта ушбу ғоят нозик масала бўйича олдинга силжиш юз берди.

Қўшни мамлакатлар билан чегаралардаги назорат-ўтказиш пунктлари фаолияти қайта тикланиши натижасида аҳоли эмин-эркин ҳаракатланиши учун енгилликлар яратилаяпти. Бу эса одамларнинг қўшни давлатлардаги яқинлари, қариндош-уруғлари билан борди-келди алоқалари йўлга қўйилишига, яна бир муҳим жиҳати, ўзаро савдо-сотиқнинг ривожланишига хизмат қилаяпти.

Марказий Осиёда савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларида ҳам фаол ўсиш суръатлари қайд этилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг март ойида Ўзбекистон ва Қозоғистон ишбилармон доиралари иштирокида Остона шаҳрида бўлиб ўтган бизнес форумида умумий қиймати қарийб 1 миллиард АҚШ долларига тенг савдо шартномалари ҳамда инвестициявий битимлар имзоланди. Мамлакатлар ўртасида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 5 миллиард АҚШ долларигача етказиш бўйича аниқ мақсадлар белгилаб олинган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳамкорлик муносабатларида ҳам иқтисодий соҳада янги марралар қўлга киритилмоқда. Икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 2016 йил охирига келиб 23 фоиз ўсган ҳолда, 167,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг биринчи ярмида бу кўрсаткич қарийб 70 фоиз ошиб, 112 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Олий даражадаги учрашувларда мазкур кўрсаткични яқин йилларда 500 миллион долларга етказиш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Ўзбекистон ҳамда Туркманистон компания ва корхоналари қиймати 200 миллион доллардан зиёд қўшма ташқи савдо шартнома ҳамда битимларни амалга оширмоқда. Туркманобод — Фороб автомобиль ва темир йўл кўприклари очилгач, мамлакатларимиз ўртасида транзит ташишлар ҳажми сезиларли даражада кўпайди. Ўзбекистоннинг фақат темир йўл орқали Туркманистон ҳудудидан ўтган экспорт юклари ҳажми 25 фоиз ошди.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик алоқаларида ҳам янги давр бошланди. Жорий йил апрель ойида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон саноат корхоналари маҳсулотлари миллий кўргазмаси ҳамда икки давлат ишбилармонлари бизнес форуми ташкил этилди. Июнь ойида Ўзбекистон делегациясининг Тожикистонга ташрифи чоғида Душанбе шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилди. Шу йил октябрь ойида эса Тожикистон Республикаси миллий маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси ўтказилди. Буларнинг барчаси минтақада янги иқтисодий муҳит шаклланаётганидан далолатдир.

Қайд этилганидек, Марказий Осиё энергетика ва табиий ресурсларга бой, қулай транспорт-коммуникация имкониятларига эга минтақа ҳисобланади. Ўзбекистонда транспорт-инфратузилма коммуникацияларини ривожлантириш, транзит йўлаклари тизимини яратиш, мавжуд йирик халқаро ҳамда истиқболли бозорларга олиб чиқадиган янги ва самарали йўналишларни ўзлаштиришга алоҳида эътибор қаратилаяпти. Ўзбекистон — Қирғизистон — Хитой темир йўлининг қурилиши минтақа мамлакатлари учун улкан иқтисодий имкониятлар очади.

Президентимиз Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Остона саммитида Марказий Осиёда транспорт ташувларини бошқаришнинг ўзаро боғланган тизимини яратиш таклифини билдирди. Бу таклиф ўзаро транспорт тарифлари, ягона божхона ва бошқа тартиб-таомиллар, юк ташиш хавфсизлигининг бирхиллаштирилган қоидалари, транспорт воситалари ҳамда юклари ҳаракатланиши ахборот таъминоти тизимининг ҳуқуқий ва институционал асосларини ишлаб чиқишни кўзда тутади. Мазкур тизим иқтисодий ўсишга, юкларнинг ишлаб чиқарувчидан истеъмолчига етказиб берилишини тезлаштириш ҳамда арзонлаштиришга олиб келади.

Қўшни мамлакатлар чегарадош ҳудудлари даражасида алоқалар кенгайиб бораётгани, халқ дипломатияси механизмларидан фаол фойдаланилаётгани ҳам минтақа давлатлари муносабатларини мазмунан бойитмоқда. Қонун чиқарувчи органлар ўртасида ҳамкорликни кенгайтиришга алоҳида урғу берилиб, парламентлараро дўстлик гуруҳлари шакллантирилмоқда.

Анжуманда бугунги замонавий шарт-шароитларда Марказий Осиё давлатлари халқаро хавфсизликни мустаҳкамлаш билан боғлиқ долзарб масалаларни ҳал қилишда муҳим роль ўйнаши таъкидланди. Терроризм ва экстремизм хавфи тарқалишининг олдини олиш, гиёҳвандлик моддаларининг ноқонуний айланиши, ноқонуний қурол-яроғ савдоси, уюшган жиноятчилик, одам савдосига қарши курашиш ҳамда ахборот соҳасидаги таҳдидларга барҳам бериш ана шулар жумласидандир.

Форум қатнашчилари Марказий Осиё хавфсизлиги глобал хавфсизликнинг ажралмас қисми эканлигини алоҳида қайд этишди. Минтақа мамлакатлари янги таҳдид ва хавфларнинг олдини олиш, шунингдек, халқаро ҳамда минтақавий ташкилотлар билан муносабатларда яқиндан ҳамкорлик ўрнатиши мақсадга мувофиқлиги билдирилди.

Марказий Осиё мамлакатлари сув-энергетика ресурсларидан минтақанинг барча давлати манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, оқилона фойдаланиш бўйича икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигига эътибор қаратишди.

Анжуманда ёш авлод вакилларининг турли террористик ҳамда радикал ташкилотлар таъсирига тушиб қолишига йўл қўймаслик бўйича биргаликда аниқ чора-тадбирларни -ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарурлиги қайд этилди. Бу борада ёшларнинг маънавий-ахлоқий тарбиясига эътиборни кучайтириш, уларни комил инсон қилиб вояга етказиш, йигит-қизларнинг ўз салоҳиятини намоён этиши учун зарур шароитлар яратиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорликни ривожлантириш лозим.

Халқаро конференцияда БМТ Бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси Мирослав Енча, Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили, Еврокомиссия вице-президенти Федерика Могерини, Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Қайрат Абдраҳмонов, Қирғизистон Республикаси ташқи ишлар вазири Эрлан Абдилдаев, Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Аслов, Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, ташқи ишлар вазири Рашид Мередов нутқ сўзлади.

Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Бош котиби Томас Гремингер, Туркия Республикаси иқтисодиёт вазири Нихат Зейбекчи, Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавад Зариф, Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Салоҳуддин Раббоний, БМТ Бош котиби ёрдамчиси, БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ давлатлари бўйича минтақавий бюроси директори Жиҳан Султаноглу, ШҲТ Бош котиби Рашид Алимов, МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби Сергей Лебедев, Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Панкин, Ҳиндистон давлат ташқи ишлар вазири Вижай Кумар Сингх, БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари Наталья Герман ва бошқалар сўзга чиқди.

Конференциянинг биринчи кунида “Минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш”, “Сувдан фойдаланиш ва экология соҳасидаги ҳамкорлик” мавзуларида шуъба мажлислари ўтказилди. Мамлакатимиз ҳамда хорижлик олимлар, нуфузли эксперт-ларнинг таҳлилий маърузалари эшитилди ва муҳокама қилинди.

Форум 11 ноябрь куни ўз ишини давом эттиради. Унинг доирасида “Марказий Осиёда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш” ҳамда “Барқарор тараққиётга таҳдидларга қарши курашишда халқаро ҳамжамиятнинг Марказий Осиё мамлакатларига кўмаги” мавзуларида шуъба мажлислари бўлиб ўтади.

Халқаро конференция якуни бўйича коммюнике қабул қилиниши режалаштирилган.

 

* * *

Сўз — иштирокчиларга

Мирослав ЕНЧА,

БМТ Бош котибининг

сиёсий масалалар бўйича ёрдамчиси:

— Ушбу нуфузли конференциянинг Самарқандда ўтказилаётганида рамзий маъно бор. Бу азим шаҳар Марказий Осиёнинг ўтмиши ва умумий келажагини ўзида намоён этади.

Бугун кўп томонлама ҳамкорлик ҳар қачонгидан кўра долзарб аҳамиятга эга. Чунки терроризм, радикализм, иқлим ўзгаришлари, миграция каби қатор муаммолар глобал хавфсизликка таҳдид солмоқда. Шундай экан, уларни бир мамлакат ёлғиз ҳал эта олмайди. Бунда ҳамжиҳатлик жуда муҳим саналади.

Мазкур халқаро анжуман минтақавий ҳамкорликка янгича мазмун бағишлайдиган имконият эканлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Минтақа давлатлари муносабатлари равнақидаги янги босқич халқаро ташкилотлар учун маёқ вазифасини ўтаса, ажаб эмас. Ўзбекистон Республикаси Президенти ўз нутқида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Марказий Осиё давлатларининг хавфсизликни таъминлаш ва минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга доир махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини илгари сурди. Ушбу минтақадаги барқарорлик ҳамда тараққиёт барча учун долзарбдир. Шунинг учун ҳам БМТ ушбу йўналишда ёрдам беришга тайёрлигини таъкидламоқчиман. Биз ўз олдимизга қўйган мақсадларга фақат биргаликда эришамиз.

Сергей ЛЕБЕДЕВ,

МДҲ Ижроия қўмитаси раиси — Ижрочи котиби:

— Бугунги замонда барқарор тараққиёт ҳамда хавфсизлик тушунчаларини айри тасаввур қилиб бўлмайди. Самарқанд конференцияси кун тартибидаги масалалар ушбу долзарб вазифаларга ечим топишда айни муддао бўлди. Форум, ҳақиқатан ҳам, долзарб ва ўз вақтида ташкил этилган. Марказий Осиё мамлакатлари Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги иштирокчилари саналади. МДҲ доирасида биз иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар алоқаларни кучайтиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Марказий Осиё давлатларида улкан ўзгаришлар жараёни кечмоқда. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқанд конференциясида минтақада ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган муҳим ташаббусларни билдирди. Ишончим комилки, халқаро анжуманда қайд этилган фикр ва таклифлар келгусида Марказий Осиёни янада барқарор, янада осуда ҳудудга айлантиришга хизмат қилади.

Фредерик СТАРР,

Америка ташқи сиёсат кенгаши ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси:

— Марказий Осиёда хавфсизлик ҳамда барқарор ривожланишни таъминлаш бўйича бўлиб ўтаётган халқаро конференцияни минтақа учун ҳам, Ўзбекистон учун ҳам тарихий воқеа, деб атаган бўлардим. Ушбу йирик тадбирда ҳудуддаги барча давлат, нуфузли халқаро ташкилотлар вакиллари қатнашаётгани ҳам Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуслари туфайли мамлакатингиз Марказий Осиёнинг бирлаштирувчи марказига айланаётганидан далолат беради. Форум яқин қўшничилик, тенг ҳуқуқлилик ва ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди. Бу саъй-ҳаракатлар Марказий Осиё давлатлари ўртасида иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиши муқаррар.

Паоло АЛЛИ,

НАТО Парламент ассамблеяси президенти:

— Барқарорлик ва хавфсизлик ҳар бир давлат тараққиётининг, иқтисодиёти инвестициявий жозибадорлигининг ҳал қилувчи омиллари ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Самарқанд конференцияси дунёда тобора нуфузи ошиб бораётган Марказий Осиё минтақасида тараққиётга эришиш, хавфсизлик ҳамда ҳамкорликни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди. Айни жиҳатдан айтганда, Ўзбекистон Марказий Осиёнинг муҳим давлатларидан бири сифатида минтақа мамлакатлари ўртасидаги муносабатларда -бунёдкорлик ғоялари билан яққол ажралиб турибди. Президент Шавкат Мирзиёев илгари сураётган таклифлар нафақат минтақа, балки дунё жамоатчилиги томонидан ҳам ижобий қабул қилинмоқда. Ўйлаймизки, бу ташаббуслар Марказий Осиёда янги муҳитни ярата олади.

Қобил ХИДИРОВ,

«Халқ сўзи» мухбири.