Мустақиллик шарофати билан  юртимизда диний ва миллий қадриятимиз янада ривожланди. Диёримизда мусулмонларнинг асарий орзу умидлари рўёбга чиқа бошлади. Масжид ва мадрасалар фаолияти ривож топди. Бир сўз билан айтганда мамлакатимиз моддий ва маънавий жиҳатдан кун сайин тараққий этмоқда. Бироқ, соғлом эътиқод қилувчилар қаторида афсуски, динни ўз манфаатлари йўлида ўзлари учун асос қилиб олган ва ақидапарастлик касаллигига чалинган турли террористик ва экстремистик гуруҳлар ва ташкилотлар пайдо бўлаётгани ачинарлик холдир. Айниқса, чет элларда бўлгани каби бизнинг мамлакатимизда ҳам турли ғоявий зидлик, бузғунчилик, ақидапараст ва мутаассиб оқимларининг ботил ақидаларига эргашиб залолатга кетган гумроҳлар ҳам борлиги кишини ранжитади.

Айни пайтда Ислом дини бизларни ўзаро ихтилоф қилишликдан қайтаради. Ихтилоф инсонларни бир биридан узоқлаштиради. Ўртада адоват ва фитналар келтириб чиқаради. Шу сабабдан Аллоҳ таоло Қуръон  каримни бир нечта оятларда ихтилоф қилмасликка чақирган.

Аллоҳ таоло Қуръон каримда “Динни барпо қилингиз унда фирқа фирқага бўлинмангиз”.  (Шўро сураси 13 оят)

Аллоҳ таоло Қурони каримда “Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг”(Оли Имрон сураси 103 оят) Оят каримадаги “Аллоҳнинг арқони” деган иборадан Қуръони карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон арқонни маҳккам ушласа, жарликка  тушиб кетишдан  қутилиб қолганидек, динни маҳкам ушлашлик инсонни дўзахга тушишдан сақлайди.

Жумладан, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдан  фирқага бўлинмаслик тўғрисида кўплаб ҳадис шарифлар ривоят қилинган.

Ибн Можа Анас ибн Моликдан ривоят қиладилар. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта,  менинг умматим етмиш иккита фирқага бўлиниб кетади. Уларнинг ҳаммаси дўзахдадир Фақат биттаси дўзахда эмас, у ҳам бўлса Аҳли Сунна вал жамоат (дўзахда эмас) дедилар”

Термизий ва Ибн Можалар саҳиҳ санад билан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан  ривоят қиладилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “….. Ўзингизга жамоатни лозим тутинг. Ундан ажралишдан эҳтиёт бўлинг. Чунки шайтон ёлғиз киши билан бирга бўлур. У икки кишидан олисроқ бўлур. Ким Жаннатнинг ўртасини истаса, бас жамоатни лозим тутсин” дедилар.

Шу ўринда  жиҳод масаласига  эътибор қаратсак. Ҳозирги кунда жиҳод тушунчасининг бузиб талқин этилиши, жуда қўп ножоиз амалларнинг қилинишига сабаб бўлмоқда. Жиҳод масаласида ғулувга кетишининг ислом таълимотига зид экани ҳадислар ва уламоларнинг асарлари ва фатволарида муфассал баён қилинган. Жиҳод сўзи араб тилидан олинган бўлиб, таржима қилинганда “Ғайрат қилмоқ”, “харакат қилмоқ “, “интилмоқ”, “зўр бермоқ” , “бор қучини сарф қилмоқ”, каби маъноларни ифодалайди.  

Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Муҳожирнинг афзали Аллоҳ қайтарган нарсалардан қайтгувчидир. Жиҳоднинг афзали эса, Аллоҳ йўлида ўз нафси ва хоҳишига қарши қилинадиган жангдир”.

Бугунги кунда эса соҳта салафийлар каби бир қанча бузғунчи ақидапараст оқимлар жиҳод диннинг руҳи деб билиб, уни Исломнинг олтинчи аркони деб ҳисобламоқдалар. Сўнгги вақтларда ақидапараст кимсалар томонидан ёшларимизни турли ёт ғоялар билан эътиқодини бузиб йўлдан уришга қаратилган харакатларига гувоҳ бўлмоқдамиз. Айниқса, гўёки барча мусулмонлар хозир қуролли тўқнашувлар кетаётган мамлакатларга “ҳижрат” қилишлари ва қўлида қурол билан “жиҳод” қилишлари фарз эмиш. Бундай соҳта даъволарнинг пуч эканини тасдиқлаш ва аҳолини, хусусан, ёшларни улардан асраш мақсадида ҳижрат  тушунчасига  бир оз тўхталиб ўтсак.

Юртини, ота-онасини ташлаб, ёт элларда сарсон саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртга қарши қурол кўтариш ислом дини таълимотига зид  амаллардандир.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалам хузурларига бир киши келиб: “Ё Росулуллоҳ, мен ота онамни йиғлатиб ташлаб, ҳижрат қилиш учун сизнинг ҳузуринизга келдим” деди. У зот эса: “Ота-онангни олдига қайтиб бориб, уларни қандай йиғлатган бўлсанг, шундай хурсанд қилгин деб жавоб бердилар.                     

Уларнинг асл мақсадлари дунёвий ғараз, мансабу мартабага эришиш, мўмай даромад топишдан иборат бўлган бундай ғаламис тоифа ва фирқалар динимизда муқаддас саналган улуғ амалларни  ўзларининг ғаразли мақсадларига бурган холда, асл маъносидан бузиб талқин этишлик билан одамларни чалғитмоқдалар.

Юқоридагилардан хуласа чиқариб, “жиҳод” деганда, аввало, нотўғри йўлдан қайтариб, тўғри йўлга бошлаш тушунилади, дейиш мумкин. Бу қоида кеча ёки бугун пайдо бўлиб қолган эмас. Балки илк ислом даврида юзага келган.

Ватанга бўлган меҳру-муҳаббат ҳар қандай муаммони ечишга, ҳар қандай ёвуз кучни енгишга қодир.

Аллоҳ таоло барчамизни Ватанни севадиган, унинг тинчлиги ва тараққиёти йўлида жон фидо қиладиган бандаларидан қилсин.

Андижон шаҳар

“Шаҳидтепа” жоме масжид имом-ноиби

Ахбоев Абдуносир