Ватан севгиси – иймон белгиси

Она Ватан! Нима учун Ватанни она сўзи билан ёнма-ён ишлатамиз? Чунки, Ватан ҳам онамиз сингари азиз, меҳрибон ва қадрлидир. Инсон дунёга келмасидан аввал онанинг вужудида улғайса, дунёга келганидан кейин эса энди Она Ватанда униб ўсади. Кишининг туғилганда киндик қони тўкилган ер унинг Ватани ҳисобланилади. Мана шу Ватанини асраб-ардоқлаш, химоя қилиш хар бир инсоннинг муқаддас бурчидир. Ахир доноларимиз бекорга айтишмаганку:

                      Туғилган ердан кўнгил узилмас,

                      Юрт қўриганнинг юрти бузилмас.

Юртда ватанни севадиган, ардоқлайдиган ва ҳимоя қиладиган мардлар бор экан шу юрт доимо юксалаверади, гуллайверади. Ҳар бир эл, ҳар бир миллат учун ўзининг туғилиб ўсган ватанидан ардоқлироқ маскан бўлмаса керак. Расулуллоҳ (с.а.в.) Мадинаи мунавварага ҳижрат қилиб кетаётганларида Маккаи мукаррама томонга юзланиб: «Агар қавмим мени Маккадан чиқиб кетишга мажбур қилмаганида, ҳеч ҳам ўз ихтиёрим билан уни ташлаб кетмаган бўлар эдим»,- деган эканлар.

Демак, она ватанини севиш, ундаги бор нарсаларни ардоқлаш ва соғиниб яшашлик инсоният фитратида мавжуд бўлган нозик ҳис-туйғудир. Қаерга бормасин киши ўз ватанини барибир қумсайверади. Чунки, инсон дунё юзини кўргач биринчи бўлиб ватанидаги ҳаводан нафас ола бошлайди, ватанидаги тупроқда илк қадамларини қўйиб юришни ўрганади, дунёни танишни шу ватанни англашдан бошлайди. Илк киндик қони тўкилган, дастлабки қадамларини қўйган тупроқни ҳимоя қилишлик барчамизнинг Ватан олдидаги инсонийлик бурчимиз ҳамдир.

Юртбошимиз айтганларидек: « Тинчлик ва осойишталикни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ҳодимларининг вазифаси, деганлар қаттиқ янглишадилар. Бу йўлда барчамиз, бутун халкимиз янада жипс бўлиб, ҳамжихатликда ҳаракат қилишимиз керак. Ўз уйингни ўзинг асра деган гапда ҳикмат кўп, унинг маъноси кенг. Зеро тинчлик учун курашиш керак, уни хеч ким яратиб бермайди».

Юрт тинчлигини ҳимоя қилишда ҳар бир соҳа вакиллари ўз соҳаси доирасида ҳисса қўшишлари лозим. Масалан ўқитувчилар ўқувчиларга ватан ягоналиги, ватан химояси муқаддас бурч эканини тушунтириб борса, ўсиб келаётган ёш авлод ватанга садоқат ҳисси билан ўсиб-улғайиб боради. Натижада келажак авлодларимиз юрт ҳимояси нақадар улкан вазифамиз эканини қалбдан ҳис қиладилар ва бунга қаттиқ бел боғлаган ватанпарварлар бўлиб камол топадилар. Мутафаккирлардан бири шундай деган экан: «Ватанпарвар-ўз ватани камолоти йўлида ўз халқига муҳаббати туфайли моли, куч-ғайрати тугул жонини ҳам аямайдиган, халки ва ватанининг озодлиги, фаровонлиги учун бор будини фидо қилувчи инсондир». Бундай ватанпарварлари бор юрт эса доимо тинч, осмони мусаффо, халқи аҳл, ризқи мўл, ҳаёти эса фаровон бўлади.

Бундан ташкари муқаддас динимизда ватанни ҳимоялаш муқаддас бурч қилиб белгиланиб, бу ҳизмати учун жуда катта мукофотлар ваъда қилингандир. Жумладан: Имом Табороний ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулулоҳ (с.а.в.) шундай марҳамат қилганлар: «Аллоҳ таоло розилиги йўлида бир кун чегара ҳудудида посбонлик қилиш бир ой кечалари ибодат қилиб, кундузлари нафл рўза тутишдан афзалдир».

Хақиқатдан ҳам, Ватан ҳимоячиси бўлишлик энг шарафли ва олий касб эканлигини яхши билган йигитларимиз хар томонлама, ҳам жисмоний, ҳам маънавий жиҳатдан лойиқ бўлишликни яхши англайдилар, ана шу сифат ва ҳислатларни эгаллашга доимо ҳаракат қиладилар. Бу вазифалари билан улар нафақат ўз Ватанларини балки, энг яқинлари бўлмиш ота-оналари, қавму-қариндошлари, туғилиб ўсган масканлари, юртларидаги барча тоғу-тошлар, гул ва райҳонларни ҳимоя қилган бўладилар.

Аллоҳ таолодан сўраб қоламизки, мустақил юртимиз сарҳадларини сергаклик билан қўриклаётган Ватан ҳимоячиларини Ўзининг ҳифзу ҳимоясида сақлаб, диёримиз осмонини доимо мусаффо, тинчлигимизни эса барқарор ва мустақиллигимизни абадий қилсин!

М.Миржалилов

Қибрай тумани бош имом хатиби в.в.б.