Дунёнинг турли бурчакларида турли теракт, қўпорувчилик ҳарракатлари, суиқасд каби жиноятлар содир бўлаётганидан хабарингиз бор. Бугунги кунда терроризм балосидан ҳеч бир мамлакат суғурталанмаган. Афғонистон, Сурия, Ироқ, Ливияда бўлаётган воқеалар бунга мисолдир.
 
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш – давр талаби” мавзусида ўтган анжуманидаги нутқи давомида террорчилик мавзусига, бу йўлга кириб кетаётганлар хусусида алоҳида тўхталиб ўтди.
 
“Мусулмончилик ҳар биримизнинг юрагимизда, виждонимизда бўлиши лозим. Инсон имон-эътиқодли бўлса, юртига содиқ бўлиб хизмат қилса, у ҳақиқий ватанпарвар бўлади. 

Агар у эътиқодсиз бўлиб, чаласавод бўлиб, хиёнат қилиб, боя айтганимдек, икки томон билан ҳам “ўйин” қиламан, бу давлат кетса, анавилар келиб қолса, улар билан ҳам тил топишаман, деб найранг қиладиган бўлса, билиб қўйинглар, бундай “номер”лар бизга ўтмайди”, деди Шавкат Мирзиёев.
 
Ўзбекистондаги ҳар бир маҳалла, туман ва вилоят раҳбарлари ўз ҳудудидан чиққан ва чет эллардаги террорчи гуруҳлар сафида юрган ашаддий экстремистлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот бериб, уларни мамлакат фуқаролигидан чиқариш таклифини берса ва уларнинг айби тасдиқланса, улар Ўзбекистон фуқаролигидан маҳрум бўладилар. Бу борада Шавкат Мирзиёев “Оқни – оқ, қорани – қора, дейдиган вақт келди. Бизга бундай нонкўрлар керак эмас”, деб таъкидлаб ўтди.
 
Албатта, бу масала бўйича жойлардаги ижро органлари, ҳокимликлар, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳам ўз муносабатини ўзгартириши лозим.
 
Шавкат Мирзиёев бугун қанча ёшлар сохта алдовларга ишониб, ўз умрини хазон қилаётгани ҳақида куюниб гапирди.
 
Давлатимиз раҳбари “Ахир, кечагина шу ёшлар, ўзимизнинг қоракўзлар, биримизнинг маҳалладошимиз, биримизнинг ўғлимиз, биримизнинг қизимиз ёки жиянимиз эди-ку! Улар қачон адашди, қачон нотўғри йўлга кириб кетди? 

Биз нега ғафлатда қолдик? Қачон, қаерда хатога йўл қўйдик? Фарзандларимиз қачон бегоналарнинг қўлига ўтиб кетди? Нима жин урдию улар ўз ота-онаси, ўз юртининг душманига айланиб қолди? 

Бугун бу мудҳиш бало-қазонинг олдини олмасак, бор кучимизни шунга сафарбар этмасак, эртага кеч бўлади”, дея алоҳида таъкидлаб ўтди. 
Дурдона Расулова