Яқин вақт ичида Ўзбекистонда ислом маданияти маркази ташкил этилиши кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев “Ижтимоий барқарорликни таъминлаш, муқаддас динимизнинг софлигини асраш — давр талаби” мавзусидаги анжуманда сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

“Маълумки, бизнинг минтақамиз, авваламбор, бугунги Ўзбекистон замини ислом илм-фани ва маданиятининг қадимий бешикларидан бири ҳисобланади. Халқимизнинг ана шундай бой тарихий, илмий, маънавий меросини ҳар томонлама ўрганиш, жаҳон афкор оммасига кенг таништириш, энг муҳими, ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида биз азим пойтахтимиз Тошкент шаҳрида Ўзбекистондаги ислом маданияти марказини барпо этишга қарор қилдик”, —таъкидлади давлат раҳбари.

Айтилишича, ушбу марказни Хастимом мажмуаси ҳудудида ташкил этиш, бу ерда Ўзбекистондан етишиб чиққан буюк ислом олимлари, аллома ва мутафаккирлари, жаҳон маданияти ривожига унутилмас ҳисса қўшган улуғ шоир ва адиблар, рассом ва хаттотларга оид бой маълумотларни мужассам этиш кўзда тутилмоқда. Бу масканга ташриф буюрувчилар бир вақтнинг ўзида ислом оламининг ўнлаб энг ёрқин намояндаларининг ҳаёти ва фаолияти билан танишиш имконига эга бўлади.

“Бизга ватандош бўлган ҳар бир аллома ва мутафаккирнинг ҳаёти ва фаолиятига экспозицияда алоҳида бир бўлим бағишланади. Ўзбекистонда уларнинг шарафига барпо этилган меъморий йодгорликлар макетлари, қўлёзма ва босма асарлар, хаттотлик намуналари, ўша даврдаги амалий санъат буюмлари ва бошқа экспонатлар шу бўлимларда намойиш этилади”, — деди Президент.

Шавкат Мирзиёев барча иштирокчиларни бу ишда ўз таклиф ва маслаҳатлари билан фаол иштирок этишга чақирди.

daryo.uz