Диний манбалар инсоният тарихида алоҳида ўрин тутади. Маънавий бойликлар орасида муқаддас диний матнлар инсоният тараққиётининг муҳим бўлаги бўлиб, улар ўтмиш халқларнинг маданияти, тили, ёзуви ва ижтимоий ҳаёти ҳақида атрофлича маълумот беради.

Диншуносликка оид адабиётларда “диний манба” тушунчаси турлича – “муқаддас манба”, “муқаддас ёзув”, “муқаддас китоб” каби номлар билан юритилади. Улар мазмунан, динларнинг таълимотлари, ақидавий кўринишлари, анъана ва маросимларини ўзида мужассам этган, қолаверса, диндорлар томонидан “илоҳий” деб эътиқод қилинувчи таълимотни ўзида ифода қилади.

Диншуносликда динларнинг муқаддас манбаларини ўрганиш ҳамиша муҳим вазифа бўлиб келган. Чунки, борлиқ ва инсон яралиши, дунёда кечаётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдираётган кишининг ижтимоий-руҳий ҳолатига муқаддас манбалардаги хабарларнинг таъсирини ўрганиш диншуносликнинг асосий тадқиқот мавзуларидан ҳисобланади. Мутахассислар диний манбаларни ўрганишда муътадил мавқени сақлаган ҳолда, ушбу манбаларнинг жамият ҳаётига таъсир даражасини аниқлаш учун кўпроқ мазкур динларнинг ўзида шаклланган билимларга мурожаат қиладилар.

Инсоният тарихида дин маънавий ҳаётнинг таркибий қисми бўлиб келган. Дунёдаги йирик динларда уларнинг асосий таълимотларини ўзида мужассам қилган муқаддас манбалари мавжуд. Ушбу муқаддас манбалар мазкур динга эътиқод қилувчиларнинг ҳаёт тарзини муайян даражада белгилаб берган.

Учта жаҳон дини – буддавийлик, христианлик, ислом динларининг муқаддас манбаларини ўрганиш асносида уларнинг асл моҳияти эзгуликка чақиришини кўриш мумкин. Мазкур манбаларда ўз аксини топган юксак инсоний фазилатлар орасида бағрикенглик, ўзгаларга раҳм-шафқат, меҳр-оқибат кўрсатиш алоҳида ўрин тутади. Бу борада буддавийликнинг муқаддас манбаси бўлмиш  Трипитакадаги баъзи боблар бунга яққол мисол бўла олади. Хусусан, «Метта сутта» бобида айтилишича, бағрикенг, бошқаларга меҳр кўрсатувчи киши қуйидаги 11 хислатга эришиши таъкидланади. Улар:

·        сокин ухлайди;

·        осон уйғонади;

·        ёмон тушлар кўрмайди;

·        уни одамлар яхши кўради;

·        бошқа мавжудотлар ҳам яхши кўради;

·        илоҳиёт ҳимоясида бўлади;

·        унга олов, қурол ва заҳар таъсир қилмайди;

·        у  фикрини тез жамлай олади;

·        хушрўй  бўлади;

·        қийналмай вафот этади;

·        руҳи  Брахма дунёси билан бирлашиб кетади[1].

Ислом дини муқаддас манбаси Қуръонда қайси динда бўлишларидан қатъи назар инсонларга ёмон муносабатда бўлишдан қайтарилган. Жумладан, «Анъом» сурасида: «Аллоҳдан ўзгага сиғинадиганларни сўкмангиз!...»[2] дея, ўзга диндагиларнинг ўзларини ҳам, эътиқодларини ҳам ҳақорат қилмасликка буюрилган. Оят давомида ўзга эътиқод вакилларига адоват назари билан қараш уларда ҳам эзгулик сари ўзгариш ўрнига орадаги ёмон муносабатларнинг авж олишига ва натижада, ислом динига нисбатан ҳам салбий муносабатларнинг кучайишига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланади.

Шунингдек, Қуръони каримда бошқа дин вакиллари билан яхши муносабатда бўлиш тарғиб қилинади: «Динлaрингиз тўғрисидa сизлaр билaн урушмaгaн вa сизлaрни ўз диёрлaрингиздaн (ҳaйдaб) чиқaрмaгaн кимсaлaргa нисбaтaн яxшилик қилишлaрингиздaн вa улaргa aдoлaтли бўлишлaрингиздaн Aллoҳ сизлaрни қaйтaрмaс. Aлбaттa, Aллoҳ aдoлaтлилaрни сeвaр»[3] дея, ёмон ниятда бўлмаган инсонлар билан, улар ким ёки қайси динда бўлишларидан қатъи назар, уларга яхшилик қилиш, адолатли муносабатда бўлишга чақирилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) эса, ҳузурларига келган нажронлик христианларга мисли кўрилмаган лутф билан муносабатда бўлганлар. Уларни ўз масжидларига тушириб, ҳатто ибодат қилишларига ҳам тўсқинлик қилмаганлар.

Яна «Рум» сурасининг 22-оятида: «Унинг оятларидан (яна бири) – У зот осмонлар ва ерни яратиши ва сизларнинг тилларингиз ва рангларингизни хилма-хил қилиб қўйгандир. Албатта бунда барча оламлар учун оят-ибратлар бордир», дея марҳамат қилинади. Ҳанафий мазҳабининг машҳур тафсирларидан бири бўлган Имом Насафийнинг «Мадорик ат-танзил» асарида мазкур оят тафсири хусусида инсонларнинг тиллари, сўзлашувларининг турфалиги, терилари рангларининг хилма-хиллигидан кўзланган ҳикмат уларнинг ўзаро танишишлари ва ҳамжиҳат ҳаёт кечиришлари экани, бунинг акси эса ҳар томонлама ҳам манфаатларга зид экани таъкидланган.

Шу билан бирга, ислом динининг асосий манбаларидан яна бири ҳисобланмиш ҳадиси шарифда шундай дейилади: «Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир»[4]. Имом Дайламий томонидан ривоят қилинган ушбу ҳадис инсонни ҳар қандай мутаассибликдан қайтаради ва бағрикенгликка чақиради.

Имом Бухорийнинг «Ал-адаб ал-муфрад» асарида Мужоҳиддан келтирилган ривоят бор. Мазкур ривоятда Абдуллоҳ ибн Амрнинг ўзининг қўй сўяётган хизматкорига ишни тугатиши билан гўшт тарқатишни яҳудий қўшнидан бошлашни буюради. Мазкур нақлдан қўшниларга уларнинг дини ва миллатидан қатъи назар доимо яхши муносабатда бўлиш лозимлиги келиб чиқади.

Хулоса қилиб айтганда, дунё динларининг муқаддас манбаларини тадқиқ этиш кишилик жамияти тарихи билан танишишда, қолаверса, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик маданиятини ривожлантиришда, хусусан, ёшларни ўз фикрига эга бўлган ҳолда тарбиялашда муҳим ўрин тутади.

 

Д.Раҳимжонов

Тошкент ислом университети

Диншунослик ва жаҳон динларини қиёсий ўрганиш ЮНЕСКО

кафедраси мудири, т.ф.н., доц.

 

[1] Карания мета сутта: Дўстлик 1.8 // www.dhamma.ru

[2] Анъом, 108 // Қуръони карим: маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи: Абдулазиз Мансур. – Т.: “Тошкент ислом университети”, 2012. – Б. 141.

[3] Мумтаҳана, 8 // Қуръони карим: маъноларининг таржима ва тафсири / Таржима ва тафсир муаллифи: Абдулазиз Мансур. – Т.: “Тошкент ислом университети”, 2012. – Б. 550 .

[4] Минг бир ҳадис. – Т. I. / Арабчадан Абдулазиз Мансуров таржимаси. – Т.: Ўзбек маскани, 1991. – 80 б.