2018 йил 12 май куни Хитой ислом уюшмаси раиси шайх Ҳасан Янг Фа Минг бошчилигидаги делегация Ўзбекистон мусулмонлари идорасига ташриф буюрди. Меҳмонларни Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан , УМИ раиси ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур ва бошқа мутасаддилар кутиб олиб, ўзаро фикр алмашдилар.

Шайх Абдулазиз Мансур меҳмонларни ташриф билан қутлаб, муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан диний-маърифий соҳани ривожлантириш ва Ислом маърифатини кенг ёйиш борасида қилинаётган ишлар ҳақида гапириб ўтди. Шунингдек, Диний идора фаолияти, диний таълим муассасалари, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, жойлардаги калом, ҳадис, фиқҳ, ақида, тасаввуф илмий мактаблари фаолияти ҳақида сўзлаб берди.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан бугунги мураккаб даврда мўмин-мусулмонлар аҳил-иноқ бўлиб яшашлари, динимизни турли таҳдидлардан ҳимоя қилиш, айниқса, экстремистик ғояларга қарши илмий-асосли раддиялар бериш зарурлигини таъкидлади.

Хитой ислом уюшмаси раиси шайх Ҳасан Янг Фа Минг самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, жумладан шундай деди:

 – Аввало, барчангизни яқинлашиб келаётган муборак Рамазон ойи билан муборакбод этаман. Маълумки, Ўзбекистон ва Хитой халқлари азалдан ижтимоий-маданий, савдо-сотиқ масалаларида ҳамкорлик қилиб келишган. Буюк ипак йўли орқали икки мамлакат ўртасида амалга оширилган ижобий алоқалар асрлар оша бизни боғлаб келмоқда. Ҳозирда давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни ривожланиб бораётгани

 – бизни янада яқинлаштирмоқда, бу эса жуда қувонарли ҳол. Ўзбекистон

– Имом Бухорий, Имом Термизий, Мотурий ҳазратларини тарбиялаб, Ислом оламига тақдим этган бебаҳо замин экани маълум. Бугун, бутун ислом олами улар билан фахрланиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. У ўз сўзида давом этиб, ҳозирда Хитойда истиқомат қилаётган мусулмонларга ҳукумат томонидан яратилаётган шарт-шароитлар ва уларга берилаётган эътибор ва имкониятлар ҳақида ҳам тўхталиб, шундай деди:

 – Хитой кўп миллатли мамлакат бўлиб, ҳозирда 50 дан ортиқ миллат ва элат, турли дин вакиллари истиқомат қилишади. Хитойда 30 миллионга яқин мусулмон бўлиб, асосан уларни хуэй, уйғур, қозоқ, қирғиз, ўзбек, татар, тожик, дунсян, салар ва боан каби миллатлар ташкил этади. Мусулмонларнинг деярли ярми Шинжон-Уйғур автоном туманида яшайди. Бугунги кунда Хитойда 30 000 дан зиёд масжид, 10 та Ислом ўқув билим юртлари мавжуд.

Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди. Мулоқот якунида меҳмонларга эсдалик совғалари тақдим этилди.